Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетлари, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига бюджет ссудаларини бериш ва олинган бюджет ссудаларини қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, ссудалар шаклидаги бюджетлараро трансферт (бюджет ссудаси) бюджет манбаларининг тўлиқ сафарбар қилиниши тегишли бюджетларда назарда тутилган харажатлар қопланишини таъминланмаган тақдирда, қайтариш шарти билан ва фоизсиз берилади.

Ссудалар:

а) Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан — Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларига;

б) Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан — туманлар ва шаҳарлар бюджетларига уларнинг даромадлари ҳамда харажатлари ўртасидаги режали ёки кутилаётган вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун берилади.

Ссудалар қуйидаги муддатларга берилади:

а) прогноз қилинган даромадлар ва режалаштирилган харажатлар ўртасидаги режали вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун — тўққиз ойгача бўлган муддатга;

б) даромадлар тушумлари ва харажатларни амалга ошириш ўртасида кутилаётган вақтинчалик касса узилишларини қоплаш учун — олти ойгача бўлган муддатга берилади.

Режали ссуда даромадларнинг прогноз қилинган тушумлари, назарда тутилган субвенция, ўтказиб бериладиган даромадларнинг суммаси мақсадли ижтимоий трансфертлар, айланма касса маблағларидан ва йил бошидаги эркин қолдиқлардан вақтинчалик маблағ жалб қилиш, дотация тасдиқланган тегишли бюджетларда назарда тутилган айрим чораклардаги харажатлар қопланишини таъминланмаган ҳолларда берилади.

Ссуда бериш шартлари

Ссудалар беришнинг мажбурий шарти улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш, шунингдек жорий молия йили давомида уларни ўз вақтида қоплашдан иборат.

Келгуси молия йили учун алоҳида чоракларнинг даромадлари ва харажатлари ўртасида юзага келадиган режали вақтинчалик касса узилишини қоплаш учун тегишли бюджетнинг йиллик режали даромадлари ва харажатлари ҳажмларини чораклик тақсимлашда ссудалар қайта кўриб чиқилиши мумкин.