Жаҳон | 20:50 / 25.12.2019
42952
4 дақиқада ўқилади

«Ливияда «Вагнер»нинг 2 минг жангчиси нима қилмоқда?» — Эрдўған

Туркия президентининг сўзларига кўра, айни вақтда Ливияда Судандан келган 5 минг нафар ҳарбий ҳам бор.

Фото: EPA/Vostock-photo

Ливияда айни вақтда россиялик олигарх Евгений Пригожинга алоқадорлиги айтиладиган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг камида 2 минг нафар жангчиси бор. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Тунисдаги пресс-конференция вақтида айтиб ўтди.

«Бугунги кунда Ливияда суданлик 5 минг ва «Вагнер»дан 2 минг ёлланма жангчи нима қилмоқда? Улар у ерда нима қилишмоқда?», дея савол билан юзланган Эрдўған Тунис президенти Қайс Саид билан биргаликдаги матбуот анжуманда. 

Эрдўған Ливия миллий армиясига қўмондонлик қилувчи генерал Халифа Ҳафтарни эмас, балки унга қарши бўлган Ливия миллий ярашув ҳукуматини қўллаб-қувватлашини эслатиб ўтди.

У ўз навбатида агар Триполидаги Ливия миллий ярашув ҳукуматидан таклиф тушса Туркия ўз ҳарбийларини бу ҳудудга юборишга тайёрлигини қўшимча қилган.

Россия ТИВ бир неча марта минтақада «Вагнер» хусусий ҳарбий кампанияси жангчилари борлиги ҳақидаги хабарларни рад этган. Ливия миллий армияси етакчиси Халифа Хафтар «унча кўп бўлмаган россиялик ҳарбийлар» уларга ёрдам бераётганини тан олганди.

Ливиядаги вазият

Сентябрь ойида ОАВда «Вагнер»нинг бир неча юз ҳарбийси Ливияга Хафтар томонида жанг қилиш учун етиб келгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Тахминларга кўра, ёлланма ҳарбийлар қуроллар етказиб берилаётган карвонларни қўриқлайди, маҳаллий ҳарбийларни тайёрлашда иштирок этади NYT нашри эса бу жангчилар ҳарбий ҳаракатларда ҳам иштирок этишини тасдиқлаганди.

Эрдўған аввал ҳам, декабрь ойи бошида шу мавзуда баёнот берганди. Туркия президенти расмий Анқара Ливияда Россиядан келган ёлланма ҳарбийлар бўлишига кўз юмиб туролмаслигини қайд этган.

Декабрь ойида Ливий миллий ярашув ҳукумати раҳбари Файз Сарож Туркия билан ҳарбий ёрдам бўйича келишувга эришганди. Унга кўра, айни вақтда фуқаролик уруши кетаётган Ливияга техника ва қуроллар етказиб бериш кўзда тутилган.

Россия ТИВ ҳам Ливияга туркиялик ҳарбийлар кириши мумкинлиги расмий Москвани ташвишлантиришини қайд этиб ўтган.

«Албатта. Қўшни давлат сифатида қандай муносабатда бўламизми? Резолюция бор, қарор бор, қурол эмбаргоси бор. Бу ерда кўплаб масалалар бор», деганди вазирликдаги манба.

Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Хафтар беш йилдан буён мамлакат ғарбидаги коалиция кучларига қарши курашиб келмоқда. Апрель ойида у мамлакат пойтахти томон юриш бошлаганди.

12 декабрда Хафтар ўз армиясига Триполи учун «ҳал қилувчи юриш»ни бошлашга буйруқ берган.

Айни вақтда Ливияда қўшҳокимлик юзага келган. Ғарбда Триполида 2015 йилда Бирлашган миллатлар ташкилоти иштирокида тузилган бош вазир Файз Сарож бошчилигидаги ҳукумат ҳукмронлик қилади ва бу ҳукумат АҚШ, Туркия, Қатар, Италия ҳамда Ғарбнинг бошқа қатор давлатлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Абдулла Абдурраҳмон ас-Соний бошчилигидаги ҳукумат эса шарқда жойлашган ва бу ҳукумат Хафтар армиясига таянади. Ғарб нашрлари маълумотларига кўра, шарқий ҳукуматни Россия, Франция, Саудия Арабистони, БАА, Миср қўллаб-қувватламоқда.

Мавзуга оид