Сохта дипломдан бошланган карьера фирибгарлик ва товламачилик билан давом этди ва буни ўтган операция ошкор қилди. Туркия президенти Эрдўған асосий рақиби Имомўғлининг ҳибсга олинишига шундай муносабат билдириб, намойишларни “кўча террори” деб атади. Имомўғлининг ҳибсга олиниши тўлиқ Эрдўған билан боғлиқ эмас, лекин сиёсий сабаблар, албатта, бор. Халқаро сиёсат контексти ўзгараркан, президент яна сайланиш ҳаракатида, дейди Kun.uz билан суҳбатлашган сиёсий таҳлилчи Жавит Туркўғли.
Акром Имомўғли ҳибсга олинаркан, у фирибгарлик, товламачилик, давлат тендерларини коррупция орқали таниш-билишларга сотиш ҳамда терроризмга ҳомийликда айбланди. Мэрнинг қўлга олиниши Имомўғлининг университет дипломи бекор қилинишидан бир неча кун ўтиб, мухолиф партиянинг президентликка номзоди деб эълон қилинишидан эса бир неча кун аввал содир бўлди. Табиийки, ҳам мухолифат, ҳам жамоатчилик бунда Эрдўған ва унинг жамоасини айблади.
Туркия адлия вазирлиги Имомўғлининг ҳибсга олинишини президентга боғлаганларни “ҳаддини билмаганлар” деб атаб, ҳукуматнинг бу ишда қўли йўқлигини уқтирмоқда.
Туркиялик таҳлилчи, Эрон ва Марказий Осиёни яқиндан ўрганган сиёсатшунос Жавит Туркўғлининг Kun.uzʼга айтишича, Истанбул мэри аслида ҳам кўп можароларга ўралашиб қолганди. Аммо бу масаласининг сиёсийлашуви омилини рад этмайди. Яъни унинг қамоққа ташланиши Эрдўған манфаатларига мос келади, бироқ Имомўғлининг ҳозирги статуси бунга бемалол шароит яратган. Ҳукумат эса оловга мой сепди, чунки у асосий сиёсий рақиб эди, дейди Туркўғли.
“Шубҳам бор, яъни ҳаммаси Эрдўғаннинг ва ҳукуматнинг режаси деёлмайман. Акром Имомўғли Истанбул мэри бўлишидан аввал Бейликдузу шаҳри ҳокими эди ва ўшанда ҳам унга нисбатан қатор суд ишлари очилган. Аммо ҳозирги иш сиёсийлаштирилди” – Жавит Туркўғли, сиёсий таҳлилчи
Маълум бўлишича, Акром Имомўғлининг Истанбул университетидан олган дипломи сохта эканини унинг партиясидагилар ҳам тасдиқлаган.
“Бу ишга ҳукумат аралашмади, партияга яқин бир журналист буни фош қилди. Имомўғли Кипрдаги бир оддий ва таниқли бўлмаган университетдан Истанбул университетига ноқонуний ўқишини кўчирган. Нафақат у, ўша йилда ўқишини ноқонуний кўчирган барчанинг дипломи бекор қилинди” – Жавит Туркўғли, сиёсий таҳлилчи
Якшанба, 23 март куни Республика халқ партияси ҳибсда бўлса-да, навбатдаги сайлов учун Акром Имомўғлини номзод қилиб кўрсатди. Партия праймеризларида 15 миллиондан ошиқ турк фуқаролари қатнашган, улардан 13.2 миллиони Имомўғли номзодини қўллаб-қувватлаган. Бироқ сиёсатшунос Имомўғли номзод бўлолмаслигини гапирди.






