Туркияда намойишлар тақиқланганига қарамай, Истанбул мэри Акром Имомўғлининг коррупция ва террорчи гуруҳларга ёрдам беришда айбланиб ҳибсга олиниши ортидан норозилик намойишлари авж олмоқда. Имомўғли билан бирга тергов доирасида юздан ортиқ киши, жумладан сиёсатчилар, журналистлар ва тадбиркорлар ҳибсга олинган.

Намойишлар 19 мартдан бери Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбул ва пойтахт Анқарадан ташқари, Измир, Адана, Анталя, Чаноққалъа, Эскишеҳир, Кўня ва Эдирне шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Истанбул мэри ўзининг X саҳифасида Сарачҳане ҳудудидан олинган, беҳисоб одам акс этган видеони жойлаштирди.
Имомўғли қўлга олиниши у 2028 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилишидан бир неча кун олдин рўй берди.
Мазкур партия етакчиси Ўзғур Ўзелга кўра, Истанбулда 300 мингга яқин одам намойишга чиққан.
«Бу ЖХП митинги эмас, бу ерга шаҳар мэри Имомўғли билан бирдамлик билдириш ва демократияни ҳимоя қилиш учун келган барча партиялардан одамлар йиғилган», – деди у шаҳар ҳокимияти биноси олдида тўпланган намойиш иштирокчиларига.
У Эрдўған «маҳкамани қурол сифатида ишлатиб, Имомўғлининг қўлларини қайиришга ҳаракат қилаётгани»ни, аммо бунга йўл қўйилмаслиги ва Эрдўған бу норозилик намойишларидан қўрқаётганини таъкидлади.
Ўзелнинг зўравонлик қилмаслик ва полиция билан тўқнашувга бормаслик ҳақидаги чақириқларига қарамай, унинг нутқи давомида намойишчилар полиция билан тўқнашди, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ ва пластик ўқлардан фойдаланди.
Тўқнашувлар Анқара ва Измирда ҳам қайд этилган, у ерда полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда етакчи мухолифатчилардан бирининг ҳибсга олиниши ортидан норозилик тўлқини кучайиб бораётганини қоралади. Эрдўған жума кунги чиқишида ҳукумат «вандализм» ёки «кўча террори» қаршисида «таслим бўлмаслиги» ва жамоат тартиби бузилишига тоқат қилмаслигини айтди.








