Жамият | 10:00 / 26.12.2019
5496
2 дақиқада ўқилади

«Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда электрон кутубхона ташкил этилди

Китоб ўқиган миллатнинг тафаккури кенг, мақсади юксак бўлади. Шу орқали миллат улкан марраларга етишади. Шу сабаб бугунги кунда жамиятимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, ушбу масалага оид муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та ташаббуснинг кўлами ва аҳамияти беқиёсдир.

Ана шу ташаббусларни юртимиз бўйлаб тизимли равишда ҳаётга жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш борасида «Бухоро ҲЭТК» АЖда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бу ерда компьютер технологияларидан фойдаланилиб, энергетика соҳаси ҳамда электр қурилмаларни эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўзида мужассам этган китоблардан иборат электрон кутубхона яратилди. Шу билан биргаликда  электрон кутубхона фойдаланувчиларига қулайлик яратиш мақсадида Android операцион тизимида ишловчи смартфонлар учун мобил илова ҳам ишлаб чиқилди.

Мобил иловани юклаб олганингиздан сўнг QR-кодли электрон кутубхонадан керакли китоб танланади ва айнан шу китобга тегишли QR-код смартфон камераси орқали сканер қилинади.

Идентификация жараёнидан кейин смартфон экранида танланган электрон китобни юклаш учун гиперҳавола пайдо бўлиб, ушбу ҳаволани браузерда очиш орқали электрон китобни смартфонда ўқиш ҳамда келгусида ундан фойдаланиш мақсадида смартфон хотирасига юклаб олиш мумкин.

«Бухоро ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид