Ўзбекистон | 17:50 / 26.12.2019
22666
3 дақиқада ўқилади

Илҳом Неъматов: «Ўзбекистон ЕОИИга киришдан фойда кўриши мумкин»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдан фойда кўриши мумкин, бу масала ҳозир қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости»га Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов хабар берди.

«Ҳозир бу масала ўрганилмоқда, синчковлик билан ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари кейинчалик тарозига қўйилади ва қарор қабул қилинади», - деди Неъматов «РИА Новости»га.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, шахсан ўзи ЕОИИга киришни ёқлайди

«Ўзбекистон иқтисодиёти, саноати, қишлоқ хўжалиги ўсиб бормоқда. Экспорт кўпаймоқда. Бизга бозор керак, ўзига хос майдон керак. Бу жой қаерда? Қозоғистонда, Россияда, Қирғизистонда, у ҳам ЕОИИ аъзоси. Шунинг учун тўғридан-тўғри айтаман - иштирок этиш тарафдориман. Фақат иқтисодий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда... Яна бир муҳим омил - демография. Аҳоли ўсиб бормоқда, ҳар йили 700 минг кишига кўпаймоқда. Табиийки, биз мутаносиб равишда 700 минг кишини иш билан таъминлай олмаймиз. Бу нимага олиб келади? Миграцияга. Халқимиз қаерга кетмоқда? Россияга, Қозоғистонга. Бу омил, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан яқин алоқаларни сақлашини ҳам белгилайди. У ерда аъзо давлатлар, мигрантлар учун бошқача шароитлар мавжуд. Шунинг учун, менимча, ушбу шартлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишимиз керак», - дея таъкидлаб ўтди у.

Унинг сўзларига кўра, бу борадаги музокаралар яқин келажакда якунланиши мумкин.

«Ҳозирда, менимча, (масала) жадаллашмоқда. Яқинда Силуановнинг (РФ молия вазири Антон Силуанов - таҳр.) жамоаси Самарқандда бўлди, декабрь ойининг бошида. Бу музокаралар давом этаётганини англатади. Эҳтимол, улар тез орада якунланади. Ўйлайманки, яқин келажакда якунланади», - деди у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илҳом Неъматов ЕОИИга киришга ҳеч ким бизни мажбурлай олмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.

«Ўтган сафар ҳам айтганман, яна қайтариб айтаман. Евросиё иттифоқига киришга бизни ҳеч ким мажбурлай олмайди. Чунки Ўзбекистон – ниҳоятда салоҳиятли, нафақат минтақада, балки бутун дунёда катта обрўга эга бўлган давлат. Манфаатларимизга жавоб берсагина кирамиз. Ҳозирги кунда экспертлар томонидан бу масаланинг ижобий томони, салбий томони ўрганиляпти. Ўрганиш натижаси тарозига қўйилгандан кейин, ижобий томони тарози палласини босиб кетса, биз [иттифоққа] кирамиз, салбий томони босиб кетса, демак, уни ўйлаб кўрамиз. Лекин Ўзбекистоннинг иқтисоди тобора кенгайиб бормоқда, ўсиб бормоқда. Бунинг учун нима керак? Бозор керак, майдон керак. Асосий майдон қаерда? Қозоғистонда ва Россияда. Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодий манфаатимизга жавоб беришини ўйлаб бу ташкилот билан яқин ҳамкорлик қилишимиз керак», - деганди Илҳом Неъматов Kun.uz’га берган изоҳида.

Мавзуга оид