Инновация вазирлигида хориждан пул ўтказмаларини амалга ошириш хизматини арзонлаштириш муҳокама этилди
25 декабрь куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Осиё тадқиқотлар Европа институти бош директори (EIAS) Аксел Гетальсни қабул қилди.
«Томонлар молиявий технологиялар ва молиявий хизматлар бозорини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар», дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати. Учрашувда молиявий технологияларнинг ривожлантиришда инновацияларнинг ўрни муҳимлиги қайд этилган.
Вазирлик хабарида таъкидланишича, А.Гетальс Ўзбекистондан ташқарида истиқомат қилувчи фуқароларга пул ўтказмаларининг янги иловасини ҳамкорликда яратиш таклифи билан чиққан.
«Айни пайтда Money Gram, Western Union каби пул ўтказмалари орқали маблағ жўнатишда 9 фоизли хизмат ҳақи олинади. Бу анчайин катта фоиздир. Айнан шу боис ўз юртидан ташқарида яшовчи Ўзбекистон фуқаролари учун трансфер хизмати учун 1 фоизли комиссия ҳақи олувчи молиявий иловани ишлаб чиқиш ва жорий этиш муҳим.
Таъкидлаш жоизки, Европада бир давлатдан иккинчи давлатга пул ўтказиш жуда ҳам кам фоизда, тахминан 1 фоиз билан амалга оширилади. МДҲ давлатларида эса 9 фоиз хизмат ҳақи олинади. Демак, Европанинг бу борадаги катта тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш фуқароларимиз учун манфаатли бўлади», дейилади хабарда.
Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик Осиё тадқиқотлар Европа институти билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга, 2020 йилда мазкур ташкилот билан тузиладиган йўл харитаси асосида иш олиб боришга тайёр эканини билдирган.
Осиё тадқиқотлар Европа институти 1989 йили Брюсселда ташкил этилган бўлиб, мазкур ташкилот Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, сиёсатчилар, олимлар, тадқиқотчилар ва фуқаролик жамиятлари ўртасида давлатлараро кенг қамровли илмий изланишлар олиб боришга, маълумотлар алмашинувига кўмак беради.
Мавзуга оид
20:03 / 06.09.2024
“Сувдан ҳам жиддийроқ муаммо – ернинг шўрланиши бўляпти” - қишлоқ хўжалиги вазири
19:57 / 20.01.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири халқаро форумда иштирок этди
13:37 / 25.10.2023
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги раҳбар тайинланди
12:15 / 09.06.2023