Атамбоевнинг маслаҳатчиси одамларни гаровга олишда айбланди
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг маслаҳатчиси Қундуз Жолдубаева Қўй-Тошдаги воқеалар вақтида одамларни гаровга олишда айбланди. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жоошев маълум қилди.
Жоошевнинг таъкидлашича, шундай айбловлар Атамбоевнинг яна бир тарафдори – собиқ депутат Мээрбек Мискенбаевга ҳам билдирилган.
Адвокатнинг айтишича, Бишкек туман суди Жолдубаева ва Мискенбаевга қандай эҳтиёт чораси кўрилишини ҳал қилади.
Қирғизистон махсус хизматлари 7-8 август кунлари Атамбоевнинг уйи жойлашган Қўй-Тош қишлоғида уни қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказганди. Амалиёт давомида махсус хизматлар ходимлари Атамбоевнинг тарафдорларига қарши махсус воситалар қўллашган. Собиқ президентнинг тарафдорлари бунга жавобан ўт очишган. Атамбоев тарафдорлари, шунингдек, 6 жангчини гаровга олишган. Натижада бир кунга яқин давом этган тўқнашувлардан кейин Атамбоев таслим бўлишга қарор қилган. Воқеа вақтида 136 киши жабрланган, бир жангчи ҳалок бўлган.
Айни вақтда Атамбоев бир нечта айбловлар бўйича ҳибсда ушлаб турилибди.