Жаҳон | 23:25 / 27.12.2019
21993
2 дақиқада ўқилади

Германиялик эркакнинг қони сутга ўхшаб қолди

Фото: Flickr

Кёльн университети қошидаги клиника шифокорлари Annals of Internal Medicine нашрида ноёб клиник ҳодиса ҳақида сўзлаб беришди.

Мақолада айтилишича, 39 ёшли германиялик эркак шифохонанинг шошилинч ёрдам бўлимига ўзини ёмон ҳис қилаётгани, кўнгил айнаши, бош оғриғи ва онг-шуури тобора ёмонлашиб бораётгани шикояти билан тушган. Бемор семизлик ва қанд касаллигидан азият чеккан ҳамда дориларни мунтазам қабул қилмаган. Эркак шифохонада кома ҳолатига тушиб, ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмасига уланган.

Таҳлиллар беморнинг қонидаги триглицеридлар (ёғлар) миқдори жуда юқори эканини кўрсатган. Одатда бир децилитрга 150 миллиграмм (мг/дл) триглицерид нормал, 500 мг/дл юқори ҳисобланса, беморнинг қонида ёғлар миқдори 14000 мг/длни ташкил қилган. Шу сабабли қон жуда қуюқлашиб, сут каби оқ рангга кирган.  

Қонда триглицеридлар миқдори юқори бўлганда қонни тозалашга имкон берувчи усул – плазмаферез қўлланади. Бироқ беморнинг қонини икки марта тозалашга уриниш бесамар тугаган: унинг қонида ёғ миқдори кўплигидан қонни тозаловчи қурилма тиқилиб қолиб, ишламай қолган.

Натижада табиблар минг йиллар олдин қўллаган усул - қонни чиқаришга қарор қилинган. Эркакдан бир литр қон тортиб олиниб, у донорлик қони билан алмаштирилган. Бу триглицеридлар миқдорининг камайишига олиб келган. Сўнгра яна бир литр қон тортиб олинган ва бу сафар у суюқлик билан алмаштирилган. 2 кундан кейин эркак қонидаги ёғлар миқдори шунчалик камайиб кетганки, натижада плазмаферезни ўтказишга имкон пайдо бўлган. 5 кундан кейин эса беморнинг аҳволи шунчалик яхшиланганки, у мустақил нафас ола бошлаган. 

Шифокорларнинг таъкидлашича, бемор қонида ёғларнинг бундай катта миқдорда бўлишига бир нечта омил – семизлик, тўқималарнинг инсулинга барқарорлиги, нотўғри овқатланиш ва қанд касаллигидан дориларнинг мунтазам қабул қилинмаслиги олиб келган.

 

Мавзуга оид