Ўзбекистон | 14:00 / 29.01.2026
1329
2 дақиқада ўқилади

Аутодонорлик тартиби тасдиқланди: донор қони заруратда донорнинг ўзига ишлатилади

Адлия вазирлиги донор қони ва унинг таркибий қисмларини зарурат бўлганда донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби ҳақидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Низомга кўра, аутодонорлик муайян ҳолатларда, ёзма розилик асосида ва бепул амалга оширилади.

Фото: Depositphotos

Адлия вазирлиги “Донор қони ва унинг таркибий қисмларини зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) тартиби” ҳақидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 3763-сон билан 2026 йил 28 январ куни рўйхатдан ўтган.

Низомга мувофиқ, аутодонорлик қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

  • донорга аллоген қон (бегона қон) қуйиш имкони мавжуд бўлмаса;
  • донорнинг қон гуруҳи кам учрайдиган бўлса;
  • донор ёки унинг қонуний вакили аллоген қон қуйишни рад этса.

Қайд этилишича, аутодонорлик донорнинг жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасасида донор (ёки қонуний вакил)нинг ёзма розилиги асосида бепул амалга оширилади. Аутодонорликдан олдин донор қони лаборатория текширувларидан ўтказилади.

Низомда аутодонорликни амалга оширишнинг қуйидаги даврлари белгиланган:

  • жарроҳлик амалиётидан олдин — кўпи билан 30 кун олдин;
  • жарроҳлик амалиётига тайёргарлик жараёнида — 1–2 соат олдин;
  • жарроҳлик амалиёти давомида — ёзма розилик олдиндан олинган бўлса.

Шу билан бирга, донорда:

  • ОИВ (ОИТС) инфекцияси,
  • В ёки С гепатити вирус маркерлари,
  • захм касаллиги,
  • ёки гематокрит 25 фоиздан кам экани аниқланса, аутодонорликка йўл қўйилмайди.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид