Ўзбекистон | 20:20 / 27.12.2019
41046
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчиларнинг мастлигини аниқлаш жараёни соддалаштирилмоқда – ИИВ

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов президент қарорига мувофиқ ҳайдовчиларнинг мастлигини аниқлаш соддалаштирилаётгани, бунинг учун энди тиббиёт муассасасига бориш шарт бўлмаслиги ҳақида маълум қилди.

«Ўзбекистон президентининг 2018 йил 19 июндаги ПҚ-3786-сон қарорига асосан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ҳайдовчиларнинг мастлигини аниқлашда соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Шунга мувофиқ, 2018 йилнинг декабрь ойида ССВ, ИИВ, Олий суд ва Бош прокуратуранинг қўшма қарори билан махсус низом тасдиқланди. Ушбу низомга кўра соддалаштирган тартибда, яъни қўлда олиб юриладиган «Алкотестр» қурилмадан фойдаланган ҳолда транспорт воситалари эгаларининг маст ёки маст эмаслигини аниқлашнинг имкони пайдо бўлди», дея Акмал Юнусовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Алкотестр» – бу ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати давомида алкоголли ичимлик ичган ёки ичмаганини кўрсатиб берувчи мослама ҳисобланиб, у алкоголни инсон оғиз бўшлиғидан чиқаётган ҳаво орқали аниқлаб беради. Яъни мосламанинг ҳаво ютгич тешигига пуфлаганида инсон организмидаги алкоголнинг миқдорини миллиграммларда аниқлаб беради. Бу мослама ҳайдовчилар ва ЙПХ ходимлари ортиқча вақт йўқотмаслигини таъминлайди ва иш сифатини янада оширади.

«Ҳозирги кунда 109та шундай қурилма олиб келинган. 2020 йилда яна 245тасини сотиб олишни режалаштирганмиз. Келгусида ДЙҲХХ ходимларининг барчасини шундай мосламалар билан таъминламоқчимиз. Мақсадимиз – «Алкотестр» мосламаларини кўпроқ амалиётга жалб қилиш ва келгусида бўладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш. Агарда ҳайдовчида алкогол миқдори 0,135 миллиграмм ва ундан юқорилиги аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси билан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга автомобил ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдоридан 25 бараваригача жарима солишига сабаб бўлади», дейди Акмал Юнусов.

У ходим томонидан алкоголли ичимлик ичганликда гумон қилиниб тўхтатилган ҳайдовчи «Алкотестр» қурилмасидан фойдаланган ҳолда маст эмаслиги аниқланган тақдирда, у йўлини бемалол давом эттириши мумкинлигини таъкидлади.

Мавзуга оид