Республика олий таълим кенгашининг фаолият йўналишлари белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим кенгашини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича, президентнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши негизида нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика олий таълим кенгаши ташкил этилган.
Қуйидагилар Кенгашнинг фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида сўровлар ўтказиш, жамоатчилик ва иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш ҳамда илғор хорижий тажриба таҳлили асосида олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
олий таълимни давлат томонидан бошқариш тизими самарадорлигини, профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва улар томонидан таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларини тизимли таҳлил қилиб бориш;
таълим сифатини таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
олий таълим муассасаларининг фаолиятида шаффофлик ва холислик тамойиллари тўлақонли амал қилишини, коррупцияга шароит яратувчи омилларнинг барвақт олдини олиш ҳамда бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ва амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича ишларни мақсадли ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик натижадорлигини тизимли таҳлил қилиб бориш, қўшма таълим дастурлари самарадорлигини баҳолаш, ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, чет эллик профессор-ўқитувчилар ва хориждаги ватандошларни олий таълим тизимига кенг жалб этиш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
олий таълим муассасаларининг миллий ва халқаро рейтинг кўрсаткичларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг йиллик ўсиш динамикасини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларда кўмаклашиш;
илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида республика олий таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш.
Кенгаш котибияти ходимларининг чекланган сони 3 нафар этиб белгиланди.
Кенгаш котибияти ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича олий таълим муассасасининг профессори лавозимига тенглаштирилди.
Белгиланишича, Кенгаш юридик шахс мақомига эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.
Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга Кенгаш фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.
Қуйидагилар Кенгаш фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Мавзуга оид
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024
Саноатни бошқаришнинг вертикал тизими жорий этилади
07:40 / 17.08.2024
Криптология соҳасида идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади
07:15 / 24.07.2024