Ўзбекистон | 09:03 / 28.12.2019
5550
9 дақиқада ўқилади

Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби эълон қилинди

Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тўғрисидаги низом тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада айтилишича, жамоат тарбиячиларининг асосий вазифаси назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаганлар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек уларнинг ота-онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга) вояга етмаганларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Жамоат тарбиячиси фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик;

оиланинг устуворлиги;

бола билан ишлашда индивидуал ёндашув;

фаолиятни ихтиёрийлик ва беғараз асосда амалга ошириш.

Вояга етмаганларнинг жамоат тарбиячиси этиб 30 ёшга тўлган, биринчи навбатда вояга етмаган шахслар билан камида икки йил ишлаш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, жинси, оилавий аҳволидан қатъи назар, ўзининг ҳаётий тажрибаси ва ахлоқий фазилатлари билан ижобий таъсир кўрсата оладиган, ўз зиммасига назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаганларни тарбиялаш вазифасини оладиган шахс тайинланиши мумкин.

Комиссия жамоат тарбиячилари номзодлари рўйхатини шакллантиради.

Вояга етмаганларга жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш ҳақидаги қарор Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия ёки суд томонидан қабул қилинади.

Комиссия томонидан жамоат тарбиячиси қуйидаги вояга етмаганларга нисбатан тайинланади:

– назоратсиз ва қаровсиз қолган;

– ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган;

– болани тарбиялашда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларнинг вояга етмаган фарзандларига.

Суд томонидан жамоат тарбиячиси қуйидаги вояга етмаганларга нисбатан тайинланади:

– шартли ҳукм қилинган;

– озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган;

– тарбиявий таъсир қилиш ёки маъмурий жазолаш чоралари кўрилган;

– озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган.

Суднинг бу ҳақдаги қарори жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш учун Комиссияга юборилади.

Суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш кун муддат ичида Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлайди.

Комиссия жамоат тарбиячисини тайинлашда ҳар бир ҳолатда индивидуал тартибда, содир этилган қилмиш, вояга етмаган шахснинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши ва бошқа омилларни инобатга олиши шарт.

Комиссиянинг жамоат тарбиячисини тайинлаш тўғрисидаги қарорида қуйидагилар белгиланади:

– жамоат тарбиячиси тўғрисида маълумот;

– жамоат тарбиячиси тайинланаётган вояга етмаган тўғрисида маълумот;

– жамоат тарбиячиси тайинлаш муддати;

– жамоат тарбиячисининг ҳисобдорлиги;

– қарор юзасидан шикоят бериш тартиби ва муддатларини тушунтириш тўғрисидаги маълумотлар;

– Низом талабларидан келиб чиқиб қарорда бошқа қоидалар белгиланиши мумкин.

Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлаш тўғрисида қабул қилган қарори билан боланинг ота-онасини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) таништиради.

Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинланганлиги ҳақида манфаатдор ташкилотларни (ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқаларни) хабардор қилади.

Ўн ёшга тўлган вояга етмаганлар, уларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан келишган ҳолда вояга етмаган шахсни фикрини ҳисобга олиб тайинланади.

Қуйидагилар жамоат тарбиячиси этиб тайинланиши мумкин эмас:

– муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахслар;

– илгари содир этган жинояти учун судланган шахс;

– ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс;

– ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахс;

– ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилган, бола билан шафқатсиз муомалада бўлган шахслар;

– сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар;

– собиқ тутинган ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар, агар болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув ёки фарзандликка олиш бекор қилинган бўлса;

– ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахс;

– соғлиғи туфайли жамоат тарбиячиси мажбуриятини бажара олмайдиган шахс;

– ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришдан уч маротаба бош тортган жамоат тарбиячиси.

Жамоат тарбиячиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– вояга етмаган шахсни яшаш ва ўқиш жойи бўйича бориб кўриш;

– вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

– вояга етмаган билан якка тартибда ишлаш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда мутасадди ташкилот ва муассасалардан услубий ва амалий ёрдам олиш;

– Комиссиядан вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) тўғрисида зарур маълумотларни талаб қилиб олиш;

– вояга етмаган шахсга оид Комиссия йиғилишларида қатнашиш ҳамда фикр ва таклифлар билдириш.

Жамоат тарбиячиси қуйидаги мажбуриятларга эга:

– ҳар бир вояга етмаганга индивидуал ёндашган ҳолда унинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олиб Дастур тузиш ва Комиссия билан келишиш;

– вояга етмаганнинг Дастурда белгиланган чора-тадбирларга риоя этиши устидан назорат қилиш;

– вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хулқ-атворини тузатиш, мавжуд салбий одатларни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликлар содир этишини олдини олиш чораларини кўриш;

– вояга етмаганни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, унда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, масъулиятлилик, фидойилик, дунёқараши кенг мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш;

– вояга етмаганларни ўқишини давом эттириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни тўгаракларда иштироки, ҳордиқ олиши, бандлигини таъминлаш чораларини кўриш;

– ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан вояга етмаганни тарбиялаш, уларнинг ҳаёти ва келажаги учун жавобгар эканлиги борасида тушунтириш ишлари олиб бориш;

– вояга етмаган шахс томонидан Дастурда белгиланган чора-тадбирларни бажарилмаган тақдирда бу ҳақда Комиссияга хабар бериш;

– ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахслар ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда бу ҳақда Комиссияга хабар бериш;

– ҳар ойда Комиссияга амалга оширилган ишлар ва болада кузатилаётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳисобот тақдим этиш.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари:

– вояга етмаган шахс жамоат тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Комиссияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга;

– вояга етмаган шахс Дастурга амал қилиши ва унда белгиланган чора-тадбирларни сўзсиз ижро этиши лозим.

Жамоат тарбиячиси қуйидаги ҳолатларда алмаштирилади:

– жамоат тарбиячиси ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда;

– вояга етмаганлар, уларнинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан Комиссияга жамоат тарбиячиси устидан келиб тушган шикоятлари асосида;

– вояга етмаган ёки жамоат тарбиячиси яшаш жойини ўзгартирганда.

– жамоат тарбиячисининг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бош тортганда.

Жамоат тарбиячисининг фаолияти Комиссия қарори билан қуйидаги ҳолларда тугатилади:

– жамоат тарбиячиси тайинлаш муддати тугаганда;

– вояга етмаган шахс ўн саккиз ёшга тўлганда ёки эмансипация қилинган тақдирда;

– вояга етмаган шахс озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганда;

– вояга етмаган шахс бошқа давлатга доимий яшаш учун кетганда;

– вояга етмаган шахс вафот этганда.

Жамоат тарбиячисини алмаштириш ёки унинг фаолиятини тугатиш ҳақида Комиссия қарор қабул қилади.

Юклатилган вазифаларни фаол ва виждонан бажарган ҳамда ижобий натижаларга эришган жамоат тарбиячилари Комиссиянинг тақдимномасига асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан рағбатлантирилиши мумкин.

Мавзуга оид