Жаҳон | 21:38 / 30.12.2019
11870
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда энг кўп зарар келтирган табиий офатлар санаб ўтилди

Фото: REUTERS / Kim Kyung-Hoon

2019 йилда 1 млрд доллардан кўпроқ зарар келтирган 15 та табиий офат юз берди. Бу ҳақда табиий офатларда жабрланганларга кўмак кўрсатувчи Christian aid гуманитар ташкилоти ҳисоб-китобларига асосланиб SABC радиокомпанияси хабар берди.  

2019 йилдаги табиий офатлардан 7 таси 10 млрд доллардан кўпроқ зиён келтирган. Энг катта талофат олиб келган табиий офатлар АҚШ, Япония, Хитой ва Ҳиндистонда қайд қилинган. 

Рўйхатга кўра, энг катта зарар келтирган табиий офат АҚШнинг Калифорния штатида октябрь-ноябрь ойларида юз берган ўрмон ёнғинлари ҳисобланиб, улар 25 млрд долларлик зарар келтирган.

2-ўринга Японияга октябрда ёпирилган ва 15 млрд доллар зарар келтирган Хагибис тўфони қўйилган. Японияга ушбу тўфон келтирган зарарга сентябрдаги Факсай тўфони келтирган зарар қўшилса, умумий зарар 24 млрд долларга етади.   

3-ўринни АҚШнинг Ўрта Ғарбида март ойидан июнь ойигача давом этган тошқинлар 12,5 млрд долларлик зарар билан эгаллаган. 4-ўринга Хитойга 12 млрд долларлик зарар келтирган июнь-август ойларидаги тошқинлар, 5-ўринга сентябрда Шимолий Американи қамраб олган Дориан довули (11,4 млрд доллар зарар) қўйилган.  

Ҳиндистон шимолида июнь-октябрда юз берган тошқинлар ва августда Хитойга ёпирилган Лекима тўфони 10 млрд доллардан зарар келтирган.  

Эронда март-июнда юз берган тошқинлар 8,3 млрд доллар, АҚШнинг Техас штатига сентябрда ёпирилган Имелда шторми 8 млрд доллар зарар келтирган. Май ойида юз берган Фани циклони Ҳиндистон ва Бангладешга 8,1 млрд долларлик зарар етказган. 

2019 йилда табиий офатлардан энг кўп қурбонга олиб келгани Ҳиндистон шимолидаги тошқинлар бўлиб, улар оқибатида 1,9 минг киши ҳалок бўлган. 

Африка учун энг талофатли табиий офат Идай циклони бўлган. Циклон 4-21 март кунлари давомида Мозамбик, Мадагаскар, Зимбабве ва Малави ҳудудидан икки марта ўтиб, йирик тошқинларга олиб келган. Унинг оқибатида 1,3 минг киши ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда, Идай Жанубий яримшарнинг замонавий тарихидаги энг вайронкор табиий офатлардан бири бўлган ва 2 млрд доллар зарар келтирган. 

Christian aid’нинг такидлашича, 2019 йил табиий офатлар нуқтаи назаридан энг нотинч йиллардан бири бўлди ва катта иқтисодий зарар келтирди.

 

Мавзуга оид