Ўзбекистон | 09:44 / 30.12.2019
19307
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар очиқланди

Фото: Fotolia / WavebreakmediaMicro

Олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасида айтилишича, сўнгги икки йилда бир қатор янги маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ташкил этилиши натижасида олий таълим ташкилотларига қабул қилинаётганлар сони 20 фоизга етказилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 95 та маҳаллий ва 21 та хорижий – жами 116 та олий таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари 50 тага яқин олий таълим муассасаларидаги маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари ва факультетларда олий таълим бериш йўлга қўйилган.

Шунга қарамай, маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва факультетларнинг ташкил этилиши ҳамда фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар учрамоқда.

Хусусан:

биринчидан, олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва факультетларда таълим фаолиятининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги, ўқув режа ва дастурларининг ваколатли органлар томонидан экспертизадан ўтказилмаганлиги, хориждан профессор-ўқитувчиларнинг жалб этилмаганлиги, дарсликлар ва бошқа ўқув адабиётлари, шунингдек зарур ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда лаборатория анжомлари билан жиҳозланмаганлиги талабалар ва ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, маҳаллий ва хорижий нодавлат олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари таълим фаолиятига лицензия берилмаганлиги ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказилмаганлиги улар томонидан бериладиган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг бошқа давлатларда тан олинмаслиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариб, мазкур олий таълим ташкилотлари томонидан таълим фаолиятини лицензиялашга бўлган эҳтиёжни юзага келтирмоқда;

учинчидан, нодавлат олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятига қўйиладиган махсус лицензия талаблари ва шартлари, шунингдек илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда олий таълим ташкилотларининг ўқув режа ва дастурларини экспертизадан ўтказиш механизмларининг мавжуд эмаслиги улар фаолиятида турлича ёндашувларни келтириб чиқармоқда;

тўртинчидан, ривожланган хорижий давлатларда мавжуд бўлган давлат олий таълим ташкилотлари таълим фаолиятини лицензиялаш тартибининг мамлакатимизда жорий этилмаганлиги янги ташкил этилган олий таълим ташкилотларининг фаолиятини ташкил этишда улар давлат аккредитациясидан ўтгунга қадар бир қатор қийинчиликларни туғдирмоқда.

Мавзуга оид