Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри мигрантларни вақтинча сақлаш марказидаги ўзбекистонликлардан Kun.uz’га мурожаат келиб тушди. Мурожаатчилар ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида маълум қилиб, фото ва видеоматериаллар юборишди. Мурожаат имловий хатолар тузатилган ҳолда тақдим этилмоқда.

«Красное селода (Санкт-Петербург Мигрантларни вақтинча сақлаш маркази) 800га яқин Ўзбекистон фуқаролари ушлаб турилибди. Овқати, яшаш шароити жуда ёмон, ҳайвонларам бунақа шароитда яшамайди. Консуллик ва Ташқи Меҳнат Миграция агентлиги умуман ёрдам бермаяпти. ТММАнинг Санкт-Петербургдаги вакили сизларни қайтаришга Ўзбекистоннинг пули йўқ, деб умуман ёрдам кўрсатмаяпти.

3-4 ойдан буён ўтирганлар бор, охранниклар (қоровуллар) хотин-қизларимизга яхши шароит эвазига улар билан жинсий алоқа қилишни бир неча бор таклиф қилишди. Улар биз билан молга қилгандек муносабатда бўлмоқда. Илтимос, ёрдам беришингизни сўраймиз, ҳеч бўлмаса, хотин-қизларимиз ва қарияларни бу ердан олиб кетишсин», дейилади мурожаатда.

Kun.uz масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуровдан изоҳ сўради. Мурожаатда айни ваколатхонага нисбатан ҳам кескин айбловлар илгари сурилган эди.

«Санкт-Петербургда нима бўлган эди? Бу саволга жавоб беришдан аввал, рақамларга эътибор беришни сўрар эдим. Шуни таъкидлашни истардимки, бу марказ энг йирикларидан бири ҳисобланади. Биз 2019 йил мобайнида 1800 нафарга яқин ўзбекистонликни Красное Село марказидан олиб чиқдик.

Энди шов-шувли хабарлар юзасидан расман баёнот берсам. Ваколатхонанинг Петербургдаги вакили Зоҳиджон марказга борди. Интернетда тарқалган иддаолар хусусида у ерда сақланаётганлар билан учрашди.

Шу ўринда, марказда сақланаётган ўзбекларни видеога олган фуқаро аллақачон Ўзбекистонда бўлиб, яна бир эътиборли томони, шов-шувни кўтарган айни фуқаро жиноий иш бўйича ўтирган бўлган. Бошқа фуқаролар бу видеоёзувлар эълон қилинишини ҳам билишмаган. Қолаверса, ўша видеолавҳадагилардан 3 нафари ҳам айни вақтда ватанга қайтган», деди агентлик вакили.