Санкт-Петербургда УУА уриб туширилганидан кейин юзлаб уйлар «свет»сиз қолди
Санкт-Петербургнинг Приморский районидаги 300 га яқин уйда электр энергияси узилган. Бунгача шаҳар узра учувчисиз учиш аппарати кўрилган ва маҳаллий аҳоли портлаш овозини эшитган, деб ёзади «Фонтанка».
Санкт-Петербургнинг Приморский ва Виборгский районларида 300 га яқин уй электр энергиясидан узилди. Бу ҳақда 19 октябр, шанба куни маҳаллий «Фонтанка» нашри хабар берди.
«Фонтанка» матнида айтилишича, шаҳар шимоли-ғарбида электр энергиясининг катта узилишига подстанциядаги авария сабаб бўлган. Кейинроқ журналистлар фавқулодда хизматларга таяниб, ўша куни эрталаб шаҳар узра учувчисиз учоқ уриб туширилганини ёзишган. Бундан ташқари, эслатмада аниқлик киритилишича, маҳаллий аҳоли ўз уйларида чироқ ўчишидан олдин «учта портлаш» овозини эшитган.
Смолний матбуот хизматининг «Фонтанка» нашрига маълум қилишича, авариядан зарар кўрган ҳудудларда электр таъминотини тўлиқ тиклаш тахминан ўн соат давом этади. «Биринчи навбатда, энергетикларнинг асосий эътибори шаҳар сув таъминоти ва иссиқлик таъминоти объектларига қаратилди», — дейилади матнда.
РФнинг бир қанча минтақалари учувчисиз учоқлар ҳужумига учради
20 октябрга ўтар кечаси Россиянинг бир қанча ҳудудлари учувчисиз учиш аппаратлари томонидан оммавий ҳужумга учради. Хусусан, Россия Федерацияси пойтахти, Москва, Липецк ва Орёл областлари хавф остида қолган.
Пойтахт мэри Сергей Собянин «Москва томон учган» дрон Раменское шаҳар округида уриб туширилганини айтди. «Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар тушган жойда вайроналар ва қурбонлар бўлмаган», — деб ёзди Собянин Telegramʼдаги каналида.
Россиянинг бошқа минтақалари ҳам дрон ҳужумларига учраган. Хусусан, Липецк области губернатори Игор Артамонов Липецк осмонида «УУА бостирилганини» айтди. Артамоновнинг сўзларига кўра, учиш аппарати қолдиқлари Сирский Рудникнинг микрорайонига тушган. «Мутахассислар воқеа жойида ва дроннинг қолган қисмларини зарарсизлантирмоқда», деб ёзган у.
Орел области губернатори Андрей Кличков ҳам 19 октябр оқшомида йирик учувчисиз учоқлар ҳужуми ҳақида хабар берди. Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари минтақа узра 11 та Украина дронини йўқ қилган.
Брянск области губернатори Александр Богомаз 19 октябр оқшомида камида тўртта Украина дронининг «йўқ қилингани» ҳақида хабар берди.
Брянск, Липетск ва Орёл областларига қилинган ҳужумлар натижасида қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ, деди минтақа раҳбарлари.
Мавзуга оид
15:11 / 20.12.2024
«Дронлар коалицияси» Украинага ўн минглаб УУА етказиб беради
13:12 / 11.12.2024
Bloomberg: Пекин АҚШ ва ЕИга УУА деталларини етказиб беришни қисқартирди
16:22 / 06.12.2024
Россия Полшанинг Санкт-Петербургдаги бош консуллигини ёпади
08:50 / 27.11.2024