Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санкт-Петербургда ҳарбий академияда юз берган портлашда 7 киши жароҳат олди
Воқеа Санкт-Петербургдаги Будённий ҳарбий алоқа академияси ҳудудида юз берган. Версиялардан бирига кўра, портлаш дрон ҳужуми натижасида содир бўлган бўлиши мумкин, бошқасига кўра, ўқ-дорилар портлаган.
Санкт-Петербургда 17 май, жума куни кечқурун Будённий ҳарбий алоқа академияси ҳудудида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, бунга дрон ҳужуми сабаб бўлиши мумкин. Кейинчалик, ўқ-дорилар портлаши мумкинлиги ҳақидаги версиялар пайдо бўлди.
«Бумага» нашри қўшни уйлардаги гувоҳларига таяниб, портлаш бино ичида содир бўлганини даъво қилмоқда. ОАВ етти киши жабрлангани, улардан икки нафарининг аҳволи оғир эканини маълум қилган. Жароҳат олганлардан бири реанимацияда.
Baza Telegram-канали ҳарбий академия яқинидаги портлаш жойидан олинган видеони жойлаштирди.
Ленинград ҳарбий округи вакиллари портлашга «Иккинчи жаҳон уруши давридаги 76 мм ўқ-дорининг ўзбошимчалик билан портлатилиши» сабаб бўлганини таъкидламоқда. У академия биноларидан бирининг ертўласида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда портлаган.
Губернатор: Бўлиб ўтган воқеа терроризм билан боғлиқ эмас
Ўз навбатида, Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов «Будённий алоқа академиясида содир бўлган воқеа Мудофаа вазирлиги масъулияти доирасига киради ва террорчилик характерига эга эмас», деди.
Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти УУА ҳужумларига деярли учрамайди. Январ ойида дрон биринчи марта Ленинград вилоятидаги Уст-Луга портида объектга урилган. НОВАТЭК терминалида ёнғин содир бўлди. Компания дрон ҳужуми ҳақида хабар берди. Украина манбаларининг таъкидлашича, бу - Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») томонидан амалга оширилган операция.
31 январ куни Санкт-Петербургда «Невский мазут» компанияси ҳудудига ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган учувчисиз учоқ қулаб тушди. Март ойида Санкт-Петербургнинг Катта порти дрон ҳужумларининг кучайиши сабабли аммиакли селитрани ташишни тўхтатгани хабар қилинган эди. Апрел ойида Санкт-Петербург маъмурияти қонун лойиҳасини эълон қилди, унга кўра УУА ҳужумлари оқибатлари ҳақида ҳар қандай маълумотни тарқатиш тақиқланади.