«Солиқ тўловчилар эътирофи-2019»: Халқ меҳрини қозонган раҳбарлар, йил тайинлови, йил воқеаси ва бошқа номинациялар
Телеграмдаги Xushnudbek.uz канали муаллифи, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бир неча йўналишлар бўйича «Солиқ тўловчилар эътирофи-2019» жамоатчилик сўрови натижаларини эълон қилди.
Номинациялар бўйича номзодлар канал ўқувчилари берган овозлар ва қолдирган изоҳлар асосида сараланган.
«ЙИЛ ДАВОМИДА ЎЗ ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ»
Ушбу номинацияда «Ўзавтосаноат» компанияси ғолиб чиққан. Шу билан бирга ушбу номинацияда Давлат тест маркази, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Солиқ қўмитаси ҳам муштарийлар томонидан кўп бор тилга олинган. Ушбу номинацияда 91,4 минг фойдаланувчи овоз берган.
«ЙИЛ ДАВОМИДА КОРРУПЦИЯ ЭЛЕМЕНТЛАРИ ЭНГ ЮҚОРИ ДАРАЖАДА САҚЛАНИБ ҚОЛГАН СОҲА (ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ)»
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу сўровнома «ғолиблигини қўлга киритган». Шунингдек, ҳокимликлар, тиббиёт, ички ишлар ва суд соҳаси ҳам ушбу номинацияда юқори кўрсаткич қайд этган.
«ХАЛҚ МЕҲРИНИ ҚОЗОНГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ РАҲБАРИ»
Мазкур номинацияда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов энг кўп овоз тўплади. 85,6 минг овоз берилган ушбу номинацияда Шерзод Шерматов (Халқ таълими вазири), Танзила Норбоева (Сенат раиси), Мамаризо Нурмуратов (Марказий банк раиси), Русланбек Давлетов (Адлия вазири) номлари ҳам қайд этилган.
«ХАЛҚ МЕҲРИНИ ҚОЗОНГАН ҲОКИМ»
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ғолиб чиққан сўровномада 73,2 минг фойдаланувчи овоз берган. Турдимовдан ташқари ушбу сўровномада Шуҳрат Абдураҳмонов (Андижон вилояти), Хайрулла Бозоров (Наманган вилояти), Жаҳонгир Ортиқхўжаев (Тошкент шаҳар) ва Ўктам Барноев (Бухоро вилояти) номлари ҳам қатнашганди.
2019 ЙИЛДА ФАОЛИЯТИ ИЖОБИЙ ТАРАФГА КЕСКИН ЎЗГАРГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ
Матбуот ва ахборот агентлигидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айланган ташкилот ушбу номинацияда Халқ таълими вазирлиги, Марказий банк ва банклар, Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Мактабгача таълим вазирлигидан кўпроқ овоз тўплаган. Сўровда жами 46,5 минг фойдаланувчи қатнашган.
«2019 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ДАВОМИДА АҲОЛИНИНГ ЭНГ КЎП ЭЪТИРОЗИГА САБАБ БЎЛГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ»
Йил давомида кўплаб эътирозларга сабаб бўлган ҳокимликларнинг натижаси сўровларда ҳам акс этди. Бундан ташқари, ИИВ Йўл ҳаракати бош бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси, Энергетика вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳам сўровда иштирок этган. Ушбу номинацияда 37,4 минг фойдаланувчи қатнашган.
«ЙИЛ ТАЙИНЛОВИ»
ФИФАнинг яқин ўтмишдаги энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти этиб тайинлангани ушбу номинацияда энг кўп овоз олди. Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳам ушбу йўналишда кўп бора тилга олинган.
«ЙИЛ ВОҚЕАСИ»
Абитуриентларга учта ОТМга ҳужжат топшириш имкони яратилгани йил воқеаси деб топилди. Шунингдек, ушбу номинацияда қуйидаги ташкилотлар ҳам муштарийлар томонидан кўп бора тилга олинди:
— Даромад солиғининг барчага бир хил 12 фоиз этиб камайтирилгани;
— ОАВ ва блогерларга анча эркинлик берилгани;
— Нақд валюта сотиш йўлга қўйилгани;
— Жаслиқ қамоқхонаси ёпилгани;
— «The Economist» журнали Ўзбекистонни «Йил мамлакати» деб тан олгани.
«ЙИЛНИНГ ЭНГ КАТТА «ҚОВУН» ТУШИРИШ ВОҚЕАСИ»
Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятовнинг «2,5 млн сўм 5 фарзандли оила учун 1 ойга eтади» ибораси энг сўнгги номинацияда энг кўп овоз тўплаган. Шунингдек, «Биз жуда кўп гўшт еяпмиз», «Ўша рўмолини олиб, оғзингга тиқаман», «Шесть секунд», «Тошкентга келиш учун туманидаги инспектордан талон олсин» иборалари ҳам канал ўқувчиларининг «эътирофи»га сазовор бўлган.
Мавзуга оид
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:18 / 28.10.2024
Комил Алламжонов автомобилига ўқ узишда гумонланиб яна уч киши ушланди
23:51 / 27.10.2024