Жамият | 13:15 / 31.12.2019
13784
3 дақиқада ўқилади

Узунликларнинг кўп йиллик орзуси амалга ошди — бозорга элтувчи янги йўл очилди

Янги йил байрами арафасида Сурхондарё вилоят ҳудудий йўллардан фойдаланиш бош бошқармаси йўлсозлари яна бир йирик бунёдкорлик лойиҳасини амалга оширишди.

30 декабрь куни Узун тумани марказидан ўтувчи Ўзбекистон шоҳ кўчасини  Баҳористон кўчаси билан боғловчи узунлиги қарийб 700 метр бўлган замонавий кўринишдаги йўл ҳамда Обизаранг дарёси устида барпо этилган янги кўприк фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

«Йўл ва кўприк очилишига бағишланган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар янги йўл ва кўприк аҳолига қулайлик яратиши, одамларнинг узоғини яқин қилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Туман марказидаги Ўзбекистон шоҳ кўчаси ҳамда Баҳористон кўчаси ўртасидан темир йўл линияси ўтган бўлиб, унинг устида қурилган пиёдалар йўл ўтказгичигина бу икки ҳудудни бир-бири билан боғлаб турарди. Қўшни ҳудудга автомобилда бориш-келиш учун 6,5 километрлик масофани босиб ўтишга тўғри келарди.

Бу масофани қисқартириш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида темир йўл линияси устидан янги замонавий автомобиль йўли қурилиши бошлаб юборилди. Шу муносабат билан бузилишга тушган турар ва нотурар объектларнинг товон пуллари тўлиқ тўланган ҳолда бошқа жойга кўчирилди. Обзаранг дарёси устидан ўтувчи янги кўприк қурилди.

Ушбу иншоотлар қурилишида 500 нафардан зиёд ишчи-муҳандис 100дан ортиқ замонавий техника ва механизмлардан унумли фойдаланиб, иш сифатли якунланди. 8 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Замонавий йўлнинг икки томонида пиёдалар учун йўлаклар барпо этилиб, ҳудуд ободонлаштирилди.

Ҳозирда ҳудудларни боғлаш масофаси 600 метрни ташкил этиб, узоғи яқин, оғири енгил бўлганидан узунликлар мамнун», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Узун туманидаги янги деҳқон бозорини туман марказининг қолган қисми билан боғловчи йўл зарурияти ҳақида Kun.uz сайтида «Узундаги харидорсиз бозор: тадбиркорлар сарсон, мутасаддилар эса муаммога ечим топиш билан банд» сарлавҳаси остида таҳлилий суриштирув эълон қилинган эди.

Мавзуга оид