Соғлиқни сақлаш вазири бемор болалар ҳолидан хабар олди
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов бугун, 2020 йил 3 январь куни туғма юрак нуқсони ҳамда онкологик касалликлар туфайли даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди. Биринчи манзил пойтахтдаги Академик В.Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази кардиохирургия бўлими бўлди.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили ҳар юз минг чақалоқдан 6-10 нафари туғма юрак нуқсони билан дунёга келади. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам ўн минг нафардан кўпроқ болалар шундай касаллик билан рўйхатга олинган. Бу касалликнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва бемор болаларни дарддан фориғ этиш замонавий тиббиётнинг муҳим вазифасидир.
Бугун юртимизда болалар кардиохирургияси жадаллик билан ривожланмоқда. Дунёнинг илғор мамлакатларида қўлланилаётган энг ноёб диагностика ва даволаш технологиялари бизда ҳам мавжуд. Масалан, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази кардиохирургия бўлимида болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларини даволаш учун эллик ўринли алоҳида бўлим мавжуд. Бу ерда йилига саккиз юздан кўпроқ бемор болаларда юқори технологияли операциялар ўтказилади ва дарддан тўлиқ фориғ этилади. Диагностика ва даволаш жараёнида компьютер томография, магнит резонанс томография, рақамли рентген аппарати, ультратовуш таҳлил аппарати каби замонавий технологиялардан самарали фойдаланилади.
Шунингдек, ушбу йўналишдаги юқори технологияли операциялар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Наманган, Андижон, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд каби қатор вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам йўлга қўйилган. Яқин келажакда бошқа вилоятлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам кардиожарроҳлик бўлимларини очиш режалаштириляпти.
Соғлиқни сақлаш вазири шу куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ҳам ташриф буюрди.
Онкологик касалликлар жаҳонда нафақат катта ёшдаги аҳоли, балки болалар саломатлигига ҳам жиддий таъсир этаётган муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, йилига 400 минг нафарга яқин болалар хавфли ўсма касаллиги билан рўйхатга олинади. Ўзбекистонда ҳам йилига 900 нафарга яқин болаларда хавфли ўсма аниқланади. 4000 нафардан кўпроқ бола ҳисобда туради.
Бугун Ўзбекистонда болалар онкологияси дунёнинг тиббиёти энг ривожланган мамлакатлари билан тенгма-тенг ривожланмоқда. Бунда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва филиалларининг фаолияти муҳим ўрин тутади. Хусусан, бу ерда касалликка аниқ, тез ташхис қўйиш имкониятлари жуда юқори. Бу борада ўсма маркерлари билан ишлаш, иммуногистохимик таҳлиллар замонавий стандартлар асосида ўтказилади. Бундан ташқари, МСКТ, МРТ, ПЭТ, рақамли рентген, допплер каби замонавий тиббий технологиялар тиббиёт амалиётига чуқур кириб келиши касалликка эрта босқичларда аниқ ташхис қўйиш имкониятини кенгайтирмоқда. Табиийки, саратон қанча эрта аниқланса, беморларнинг саломатлигини асраш имконияти ҳам шунча юқори бўлади.
Болалар онкологиясида бугун бир қатор янги замонавий жарроҳлик амалиётлари ҳам самарали қўлланяпти. Булар таянч ҳаракат тизими ўсмаларида суяк аутопластика операциялари, суяк кўчириб ўтказиш амалиётлари, йирик бўғимларни эндопротезлаш операциялари, буйрак, қорин парда ости соҳаси, кичик чаноқ бўшлиғи ўсмаларида ҳам янгича операция усуллари муваффақиятли қўлланяпти. Албатта, тиббиётимизнинг бундай илғор ютуқлари беморлар соғлигини тиклашда муайян ютуқларга замин бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири ўз ташрифи доирасида ушбу шифо муассасаларида болаларга замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш борасида яратилган шароитлар билан танишди. Олимлар ва шифокорлар билан ушбу йўналишда тиббиётимиз олдида турган муҳим вазифалар ва уларни ҳал этишда тиббиёт илм-фанини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш хусусида фикрлашилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Мавзуга оид
11:00 / 15.10.2024
Ўзбекистон ва Венгрия саратон касаллигини даволаш соҳасида ҳамкорлик қилади
20:54 / 05.06.2024
“Далилларга асосланган ҳаракат” – Ўзбекистонда илк марта болалар онкологияси ва гематологияси бўйича халқаро конгресс ўтказилмоқда
08:32 / 29.05.2024
Ўзбекистонга россиялик педиатрия ва онкология соҳаси мутахассислари юборилади
19:11 / 23.05.2024