Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда АҚШ олимлари билан саратонни эрта аниқлаш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилди
DFCI институти томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида 100 дан ортиқ замонавий FIT тест тўпламлари, юқори аниқликдаги FIT анализатор, махсус латекс реагентлари, буфер эритмалари, калибраторлар ва назорат материаллари Андижон вилояти учун беғараз тақдим этилмоқда.
Фото: “Дунё” АА
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Гарвард университети қошидаги Дана-Фарбер саратон институти (DFCI) мутахассислари ҳамкорлигида янги ижтимоий-соғлиқни сақлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу лойиҳага кўра, DFCIнинг молиявий-техник кўмаги асосида онкологик касалликларни барвақт ташхислаш ва даволаш дастурининг пилот босқичи сифатида Асака туманида “Замонавий скрининг орқали колоректал саратонни эрта аниқлаш” ташаббуси муваффақиятли амалга оширилди.
Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, у анъанавий мураккаб текширув усуллари ўрнига самарадорлиги исботланган ҳамда инвазив бўлмаган (жарроҳлик ёки ички аралашувсиз) иммунокимёвий тест (FIT) усули ишлатилиши орқали онкологик касалликларини илк босқичларда, ҳатто ҳеч қандай аломатлар сезилмаган пайтда ҳам аниқлаш имконини беради.

Ташаббус доирасида аниқланган хавф гуруҳлари кейинги босқичда замонавий диагностик колоноскопия текширувларидан ўтказилиб, тўлиқ назоратга олинади.
Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун DFCI институти томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида 100 дан ортиқ замонавий FIT тест тўпламлари, юқори аниқликдаги FIT анализатор (автоматлаштирилган ридер), махсус латекс реагентлари, буфер эритмалари, калибраторлар ва назорат материаллари Андижон вилояти учун беғараз тақдим этилмоқда. Ушбу техник жиҳозлар маҳаллий лаборатория шароитида энг мураккаб таҳлилларни қисқа вақт ичида ва юқори аниқликда ўтказиш имконини беради.

Хорижий грант фақатгина ускуналар билан чекланиб қолмай, балки юқори малакали кадрлар тайёрлашни ҳам ўз ичига олган. Хусусан, Гарвард университетининг таниқли онкологлари Тимоти Ребберк ва Анна Лю бошчилигидаги халқаро экспертлар делегацияси шу кунларда Асакада бўлиб турибди.
Ташриф доирасида америкалик мутахассислар маҳаллий шифокорлар учун махсус тренинглар ва маҳорат дарслари ташкил этиб, скрининг дастурини бошқариш, натижаларни таҳлил қилиш ва замонавий даволаш протоколларини жорий этиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Келишувга биноан, Андижон вилоятида амалга оширилаётган илмий-амалий кўмак дастури республиканинг барча ҳудудларида жорий этиладиган скрининг лойиҳалари учун асосий пойдевор сифатида хизмат қилади.
Мавзуга оид
21:26 / 20.01.2026
Республика онкология маркази ва унинг ҳудудий филиаллари модернизация қилинади
19:31 / 24.12.2025
Онкология хизматлари арзонлашади: янги республика марказида пресс-тур ўтказилди
14:47 / 22.12.2025
Саратоннинг олдини олиш мумкинми? Мутахассислар тавсия қиладиган маҳсулотлар
16:00 / 16.12.2025