Тақдимотда саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олишни камида 60 фоизга етказиш, саратон касалликларига чалинган беморлар орасида 5 йиллик умр давомийлиги кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш мақсад қилинган.

Бунинг учун 2027 йилдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган саратонга қарши курашиш бўйича Миллий дастур ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.

Мазкур дастур доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг «онкологик ҳушёрлиги» оширилади. Улар саратон касалликларининг дастлабки белгиларини аниқлаш ва беморларни ўз вақтида ихтисослашган муассасаларга йўналтириш бўйича қайта тайёрланади.

Шунингдек, халқаро тавсиялар асосида клиник қўлланмалар қабул қилинади. Онкология йўналишида мультидисциплинар жамоавий ёндашув – бир нечта мутахассис иштирокида беморга ташхис қўйиш ва даволаш тактикаси жорий этилади.

Энг кўп учрайдиган саратон касалликларини эрта ташхислаш дастурлари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга киритилади. Беморларни қисқа муддатда текширувдан ўтказиш ва ташхис қўйиш имконини берадиган тезкор ташхислаш йўналишлари йўлга қўйилади.

Нур терапияси хизматини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, эскирган кобальт қурилмалари босқичма-босқич замонавий чизиқли тезлаткичларга алмаштирилади, юқори дозали брахитерапия имкониятлари кенгайтирилади.

Паллиатив ва хоспис ёрдамини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. 2030 йилга қадар аҳолига бундай ёрдам кўрсатиш қамровини камида 80 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бунинг учун 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб республикада паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграцияси асосида ташкил этилади. Паллиатив ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаш, йўллаш, ҳисобга олиш ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.