Жаҳон | 19:30 / 03.01.2020
36409
2 дақиқада ўқилади

«Ал-Қудс» бўлинмасига Сулаймоний ўрнига янги қўмондон тайинланди

Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоминаий Ироқда АҚШ ҳарбийлари авиазарбасида ҳалок бўлган Қосим Сулаймоний ўрнига бригада генерали Исмоил Ғанини Ислом инқилоби соқчилари корпусининг «Ал-Қудс» бўлинмасига қўмондон этиб тайинлади. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги хабар берди. 

Исмоил Ғани

«Ал-Қудс» бўлинмасига қўмондонлик қилишни муқаддас мудофаа [Эрон-Ироқ уруши] вақтида Ислом инқилоби соқчилари корпусининг атоқли қўмондонлари қаторига кирган ва «Ал-Қудс» нинг шаҳид кетган қўмондони билан узоқ йиллар бирга хизмат қилган бригада генерали Исмоил Ғанига топшираман, дейилган Хоминаий фармонида. 

Маълумотларга кўра, Исмоил Ғани бунгача Сулаймонийнинг ўринбосари бўлган. 

Қосим Сулаймоний 2 январь куни кечки пайт Бағдод аэропортидан Ироқ пойтахти томон ҳаракатланаётганда АҚШ ҳарбийлари томонидан берилган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. У билан бирга Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи Ироқ шиа гуруҳлари қўмондони ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис ва яна 10 киши ҳалок бўлган.

Эронда Сулаймоний ҳалок бўлиши муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилинди. Хоминаий генералнинг ўлдирилиши жавобсиз қолдирилмаслигига ваъда берган.

Мавзуга оид