Ўзбекистон | 09:02 / 04.01.2020
12897
2 дақиқада ўқилади

Рецептларни сохталаштирганлик учун тиббиёт ходимларига нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этилади

Фото: Pinterest

Ўзбекистонда рецептларни сохталаштирганлик учун тиббиёт ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилади. Бу ҳақда 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепциясини 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида айтилган.

Қайд этилишича, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда:

дори воситаларига рецептлар ёзиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузганлик, шу жумладан кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, дори воситаларини олиш ҳуқуқини берувчи рецептларни ёки бошқа ҳужжатларни сохталаштирганлик учун тиббиёт ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этиш;

тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан моддий ёки номоддий кўринишдаги молиявий мукофотлар ёки ҳар қандай бошқа рағбатлар олишига тақиқ қўйиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Амалга ошириш муддати - 2020 йил 1 апрель. Масъул ижрочилар - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Шодмонов), Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Қориев), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов), Адлия вазирлиги (Давлетов).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид