23:04 / 06.01.2020
0
21706

Халифа Ҳафтар кучлари Сирт шаҳрига киргани маълум қилинди 

Фото: ESAM OMRAN AL-FETORI

Маршал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси (ЛМА) Ливиянинг собиқ етакчиси Муаммар Қаззофийнинг она шаҳри - Сиртга кириб, шаҳардаги порт устидан назоратни қўлга олди. Бу ҳақда ЛМАдаги манба хабар қилди. 

Таъкидланишича, ЛМА шаҳарни эгаллаш амалиётининг биринчи босқичида соҳилга десант ташлаб, портни эгаллаб олган. Ҳафтар кучлари, шунингдек, ас-Саъдий ҳарбий базаси, шаҳарнинг бир қатор туманларини эгаллаб, айни вақтда шаҳар маркази томон йўл олмоқда.    

Қаззофий Сирт яқинида туғилган. У 2011 йилда шу шаҳар яқинида исёнчилар томонидан ўлдирилган.

Аввалроқ маршал Ҳафтар хорижий тажовузга қарши умумий сафарбарлик эълон қилди. Ҳафтар Туркия парламенти Ливияга маршалнинг душманлари – Триполида жойлашган Миллий келишув ҳукуматига ёрдам бериш учун қўшинлар юборишга рухсат бергандан кейин бундай қадамга борди.

Ливиянинг катта қисмини назорат қилаётган Ҳафтар кучлари охирги ойларда пойтахт Триполини эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. 

Мавзу
Ливиядаги уруш
2011 йилдан буён фуқаролик уруши ҳолатида бўлган Ливияда вазият янада чигаллашмоқда. Туркия Ливия билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик асосида Африка шимолига ўз ҳарбийларини йўлламоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top