Жамият | 11:40 / 07.01.2020
37031
6 дақиқада ўқилади

«Кўчиб келганимиздан бери шу аҳвол!»: Андижон шаҳридаги янги «дом»ларнинг «тошаётган» муаммолари

2019 йилнинг март ойи Андижон шаҳри Мусаев кўчасида янги қурилган кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганди. Ўша кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари сайт таҳририятига уйлар атрофидаги ҳолат бўйича жуда кўплаб сурат ва видеолавҳалар жўнатишди.

Мурожаатда 28 декабрь куни бошланган ичимлик сув тизими билан боғлиқ авария ҳолати муаммоси ҳал этилмаётганидан арз қилинган.

 Айтилганича бор экан. 17-кўп қаватли уй олдидан ўтказилган ичимлик суви тизими қувурлари ёрилиб сув тошиб кетган. 28 декабрь кунидан бери атрофдаги олтита кўп қаватли уй аҳолиси сув муаммоси билан яшамоқда.

 «Шу уйларга ўтган йилнинг март ойида кўчиб кирганмиз. Ичимлик суви тизимидаги муаммолар сабаб ўшандан бери ҳеч сувга ёлчимадик. Сув қувурларининг энг сифатсизларини ётқизишганми билмадик, тинимсиз кавлаб таъмирлашгани таъмирлашган.

 28 декабрь куни яна қувур ёрилиб, атрофга сув тошиб кетди. Йўлаклар, ертўла сувга тўлди. Байрам кунларини ичимлик сувисиз ўтказдик. Қачонгача бу ҳолат давом этади? Таъмирлашни эплай олишмаяпти. Тошмаслиги учун сувни ўчириб кетишади. «Сувоқова» ходимлари кетишига фуқаролар сув тизимидаги катта ускуналарини бураб очишади ва яна ёрилган жойидан сув тошиб чиқишни бошлайди», дейди 17-уйда истиқомат қилувчи Орзухон Иброҳимова ва Раънохон Раҳимова.

 Улар уй ертўласида ташкил қилинган чеварчилик цехини кўрсатишди. Ташқаридаги сув оқиб кириб, 3 нафар ишчи ишлайдиган цех абгор ҳолатга келган. Қувурдан сув оқиб чиқаверганидан йўлаклар ҳам чўкишни бошлаган. Ташқарига қўйилган чироқлар ҳам ёнмай қўйган.

 17 ва 19-уйлардаги хонадонларга кирдик. 33 ва 42-хонадонлар ичидаги канализация қувурлари сифатсиз тортилганидан шифтларидан сув оқиб кетган. Дераза ва ромлар ҳам «Қўлдан кетгунча...» қабилида ўрнатилгандек. Эгалари ром ва девор оралиқларига пахта тиқиб қўйишибди.

 19-уйнинг 20-хонадонида яшовчи Севарахон Расулова муаммолар бўйича жуда кўп жойларга мурожаат қилибди.

 «Кўчиб келганимизга олти ой бўлди. Сув қувурлари ишламайди. Ёзмаган жойимиз қолмади. Сув қувурлари ва уйнинг канализация тизимини тортган қурувчиларнинг иши ўта сифатсиз бўлган. Шаҳар «Сувоқова» ташкилотига раҳмат. Улар ўша қурувчиларнинг камчиликларини тўғрилаб кетишяпти. Ичимлик суви муаммоси бўйича қурувчиларнинг ўзига ҳам жуда кўп бор мурожаат қилдим. Мени таниб ҳам қолишган. Лекин самара йўқ.

 Дераза ромларини ўрнатишдаги, канализация монтажидаги камчиликларни айтавериб ўзимиз ҳам хижолатмиз. Ахир бу уйларни пешона теримиз билан топган пулимизга олганмиз. Ҳали, яна 15 йил тўлаймиз. Жами уй нархи 300 миллион сўмдан ошади. Бизга ичимлик суви муаммосини ҳал қилиб беришсин, бошқа камчиликларни ўзимиз ҳал қилиб оламиз», дейди Севарахон Расулова.

 Бу орада муаммоли жойга кўп қаватли уйларни қуриб фойдаланишга топширган «Ҳоқон қурилиш» жамияти ва ичимлик суви тизимини тортган «Камолот баҳори» корхонаси вакиллари ҳам етиб келишди.

 «Биз уйларни ўтган йилнинг март ойида фойдаланишга топширганмиз. Пайдо бўлаётган камчиликларни келиб тузатиб кетяпмиз. Ҳозир ҳам сантехникларни чақирдик. Келиб ишларни бажаришади», дейди «Ҳоқон қурилиш» МЧЖ қурилиш ташкилоти иш юритувчиси Сардорбек Жалилов.

 «Сувоқова» мутахассислари эса қурувчилар томонидан 7 қаватли уйнинг юқори қаватларига сув босим остида чиқиши учун катта ҳажмдаги сифатли сув қувурлари тортилмагани учун муаммолар пайдо бўлаётганини билдиришди.   

 Уйларга ичимлик суви тизимини тортиб олиб келиш билан шуғулланган «Камолот баҳори» қурилиш ташкилоти раҳбари Авазбек Юлдашев билан ҳам суҳбатлашдик. Қурувчи ўзларига берилган ишни охирига етказиб топширганини айтди.

 «Бу оддий авария ҳолати. Ҳозир бир-икки соатда битирамиз», дейди у.

 

Масалани ўрганиб қайтаётганимизда мурожаатчи аёллардан бири, «Ўтган ой ҳам арз қилганимизда журналистлар келиб тасвирга олишди. Сўнг нима бўлди билмадик, эфирга чиқаришмади. Сизлар ҳам дардимизни эшитиб, суратга олиб, «катта»лар аралашса, сайтингизга чиқармай қўймайсизларми?», дея зорланди.                                                             

 Ўша куни яна мурожаатчилар билан боғландик. Улар муаммо ҳал бўлмаганини айтиб, мутасаддилар барча қувурларни алмаштиришга уч кун муҳлат сўрашганини билдиришди.

 «Уч кун ҳам ўтиб кетади. Ишқилиб сувимиз масаласи ҳал бўлсин», деди Раънохон Раҳимова.

 Аслида носозлик ёзда бошланган. Намунали уйларни Наврўз байрамига топширишга шошилган қурувчилар ишни сифатли бажаришни ўйлашганда аҳоли бугун азият чекмаган бўлар эди.

 Мавзуга яна қайтамиз.

 Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид