Жаҳон | 17:30 / 09.01.2020
5927
3 дақиқада ўқилади

Декабрь ойида жаҳон озиқ-овқат нархлари кўтарилишда давом этди

Фото: iStock

Палма ёғи ва шакарқамиш каби биоёқилғиларга бўлган кучли талаб ортидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг озиқ-овқат нархлари индекси ўсиб, охирги беш йилликдаги максимал кўрсатгичга кўтарилди
 
Жаҳон озиқ-овқат нархлари декабрь ойида кўтарилди. Ўсимлик ёғи нархларининг кескин ўсиши уч ой давомида ФАО озиқ-овқат нархларининг кейинги беш йил ичидаги энг юқори кўрсаткичига кўтарилишига олиб келди.

ФАОнинг озиқ-овқат нархлари индекси декабрь ойи давомида ўртача 181,7 пунктни ташкил этди, бу ноябрь ойига нисбатан 2,5 фоизга ошиб, 2014 йилнинг декабридан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичга айланди.

Энг кўп сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро нархларини ҳар ойда кузатиб борувчи индекс 2019 йилда ўртача 171,5 пунктни ташкил этди, бу 2018 йилга нисбатан 1,8 фоизга юқоридир, аммо 2011 йилнинг энг баланд кўрсаткичидан 25 фоиз паст.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, ФАО ўсимлик ёғи нархлари индекси кетма-кет олти ой давомида ўсиб, 9,4 фоизга ошди. Сўнгги кўтарилиш палма ёғига бўлган талабнинг ортиши, айниқса, биодизел сектори ва ишлаб чиқаришнинг қисқариши ҳақидаги мулоҳазалар ортидан юзага келди. Декабрь ойида соя, кунгабоқар ва колза ёғлари нархларининг ҳам ўсишига қарамай, ўсимлик ёғининг 2019 йилдаги индекси 2007 йилдагига нисбатан энг паст йиллик кўрсаткичга тушди.

Тозаланмаган нефт нархи ошиши ортидан Бразилия шакар заводларида шакарқамиш хом ашёси асосан этанол ишлаб чиқариш учун ишлатилиб, халқаро бозорда шакарнинг камайишига сабаб бўлди. Бу эса ўз ўрнида ФАОнинг шакар нархи индекси ноябрь ойига нисбатан 4,8 фоизга ўсишига туртки бўлди.

ФАОнинг сут маҳсулотлари нархлари индекси ой давомида 3,3 фоизга ошди. Европа иттифоқи ва Океанияда пишлоқ экспортининг кескинлашиши маҳсулот нархини деярли 8 фоизга кўтарилишига олиб келди.

Хитойнинг буғдой импортига бўлган талабининг ошиши ва Франциядаги логистик муаммолар туфайли мамлакатда давом этаётган норозиликлар ФАО дон маҳсулотлари нархи индексини 1,4 фоизга кўтарди. Лекин, маккажўхори ва гуруч нархлари котировкалари ой давомида ўзгаришсиз қолди.

ФАОнинг гўшт маҳсулотлари нархлари индекси ҳам ноябрь ойига нисбатан деярли ўзгармади ва ўртача 191,6 пунктни ташкил этди. Йил якунида нархлар индекси 2018 йилнинг декабрига нисбатан 18 фоиз юқори кўрсатгични ташкил этди. Бу Осиё мамлакатларида чўчқа гўштига бўлган талабнинг ортиши ҳамда Европа Иттифоқи ва Бразилияда байрамолди ички талабнинг ўсиши сабабли юзага келди.

Мавзуга оид