Айтайлик, ўзингиз учун кўйлак сотиб олдингиз. Уни уйда қайта кийиб кўрилганда сифатсизлигидан матоси ҳам, тикилиши ҳам нархига тўғри келмаслиги маълум бўлди. Сотувчи томонидан «ювиб-ювиб киясиз, ҳеч нарса қилмайди, бу фалон фирманики…» деб қўлингизга тутқазилган қимматбаҳо уст-бош ҳам бир ювилганда ранги чиқиб, чоклари сўкилиб, киришиб кетиб, яроқсиз ҳолга келиб қолса-чи? Бунда истеъмолчилар қандай йўл тутиши керак? 

Охирги пайтларда Ўзбекистондаги йирик  бозорлар, савдо марказлари ва кийим-кечак дўконларида «Сотилган товар қайтариб олинмайди!»  ёки «Алмаштириб берилмайди!» деган мазмундаги ёзувлар кўпайиб боряпти. Хўш, бу талаб қанчалик асосли?

Қонунчилик нима дейди?

Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарорида белгиланишича, чакана савдо қоидаларида зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига кийим-кечаклар киритилмаган. Уни мавжуд тартиб-қоидалар асосида белгиланган муддатда сифатлисига алмаштириб олиш ҳуқуқига эгасиз. Аммо бунда ҳам маълум тартиб-қоидалар бор.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида фуқаролар мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Бу ерда «мақбул сифатли» дейилмоқда. Яъни товарнинг ҳеч қандай нуқсонлари йўқ, у истеъмолга яроқли, сифатиям яхши. Хўш, унда алмаштириб олиш нимага керак, дейишингиз мумкин. Қонунга биноан, истеъмолчи сифати яхши товарни ҳам алмаштириб олиши мумкин. Фақатгина бунда унга ўша сотиб олинган товарнинг қандайдир истеъмол хоссалари мос келмагани сабаб бўла олади. Сиз туфли олдингиз, лекин унинг ўлчами бироз мос келмади ёки ранги ёқмади ва бошқа шу каби ҳолатлар.

Истеъмолчи харид қилган товарини сотиб олган кундан бошлаб 10 кун ичида (озиқ-овқат учун 24 соат) бошқа товарга алмаштириш ҳуқуқига эга. Агар 10 кун ўтиб кетса, бу ҳуқуқдан фойдалана олмайди.

Шунингдек, сифатли товарлар қайтарилганда улар истеъмол қилинмаган бўлиши, товар кўринишини йўқотмаган, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган ҳолатда бўлиши керак.

Маҳсулот керакли сифатда бўлмаган тақдирда-чи?