Жамият | 15:10 / 09.01.2020
25576
2 дақиқада ўқилади

Зангиотада содир этилган жиноят фош қилинди

Фото: Тергов департаменти

2019 йилнинг 12 ноябрь куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қўрғонида яшовчи 35 ёшли И.А. ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

У шу куни номаълум шахслар унинг уйига ғайриқонуний равишда кириб хонадоннинг меҳмонхонасидаги шкафдан 5.500.000 сўм пул, 2.100 АҚШ доллар ва сариқ металдан ясалган тилла тақинчоқларни яширин равишда талон-торож қилишганлигини маълум қилиб, уларни аниқлаб қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг анча миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланган ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни 30 ёшли Ж.А. ва 29 ёшли Б.Т. содир этганлиги аниқланиб, гумондорлар процессуал тартибда ушланганлар.

Дастлабки тергов жараёнида улар жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид