Фарғонада банкоматлардан пул ўғирлаган банк мансабдори жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ўғрилик бор, из йўқ
Суд ҳукмига кўра, 1976 йилда туғилган Д.И. Миллийбанкнинг Фарғона вилояти бош бошқармаси чакана амалиётлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
У ўзи ва бўлим мутахассисларига бириктирилган логиндан фойдаланиб, 2019-2024 йиллар давомида 113 нафар мижозга тегишли банк карталарини UzCard’дан Humo’га алмаштириш жараёнида аслида мавжуд бўлмаган 641 млн сўм пул маблағини ҳосил қилган. Сўнгра бу пулларни бошқа пластик карталарга мобил иловалар орқали ўтказиб, банкоматлардан нақдлаштириб олган.
Шунингдек, Д.И. 2023 йил апрел-декабр ойлари давомида 7 та ҳолатда банкоматлардан 845 млн сўм пулни ўғирлаган. Бунинг учун у ўзида бўлган калитдан фойдаланган ҳолда банкомат сейфини очган. Кейин лезвие ёрдамида ҳимоя ипини кесиб, кассетадан пулларни олган ҳамда ҳимоя ипини суперклей ёрдамида қайта бир-бирига ёпиштириб қўйган.
У ўзига бириктирилган логин ва “доступ”дан фойдаланиб, банкнинг АБТ дастурий таъминотида “Банкоматнинг операцион куни очилди” амалиётини бажарган ҳамда банкомат маълумотлар базасини янгилаб қўйган. Собиқ мансабдор шу йўл билан банкоматдан пул маблағлари ўғирлаганини яширган.
“Шахсий эҳтиёжларимга пул зарур эди”
Д.И. судда айбига иқрор бўлган.
“Банкнинг вилоят бош бошқармаси ва унинг қуйи филиалларига Тошкент шаҳридан банкоматлар олиб келинди. Чакана амалиётлар бўлими бошлиғи бўлганим сабабли банкоматларнинг олиб келиниши, белгиланган жойларга қўйилиши, фойдаланишига ва белгиланган тартибда ишлашига масъул бўлганман. Банкоматлар корпуслари ҳамда сейфлари калитларининг 1 нусхасини ўзимга олиб қолдим.
Чакана амалиётлар бўлими бошлиғи сифатида ишлаб юрган вақтимда шахсий эҳтиёжларимга пул зарур бўлиб қолди. 2023 йил апрел ойидан декабр ойига қадар Фарғона шаҳри ҳудудига қўйилган банкоматларга бориб, ўзимга бириктирилган логин ва паролдан фойдаланган ҳолда банкоматнинг шу кунги иш ҳолатини ёпиш учун “Банкоматнинг операцион куни ёпилди” амалиётини бажардим. Кейин ҳеч кимга сездирмай яшириб қўйган калитлар ёрдамида банкоматлар ва уларга ўрнатилган сейфларни очдим. Банкоматлар сейфидаги пул қўйиш кассеталаридан 50 млн сўм, 80 млн сўм ва 100 млн сўм пул маблағларини олиб келдим






