Ҳукумат тузилмасида янги департамент ташкил этилди. Унга 20та вазирлик ва идоралар бириктирилди
Президент “Ўзбекистон Республикасининг халқаро иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасидаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб- қувватлаш масалалари департаменти унга қўшимча 8та штат бирлигини киритган ҳолда Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти этиб қайта ташкил этилди.
Қуйидагилар қўшимча равишда Департамент фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
миллий иқтисодиётнинг муҳим вазифаларини ҳал этиш ҳамда уни барқарор ривожлантиришга қаратилган интеграциялашув имкониятларини кенгайтириш ишларини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва диверсификациясини таъминлаш ҳамда энергетика, аграр соҳаларни жадал ривожлантириш сиёсатини амалга оширишга қаратилган интеграциялашув имкониятларини кенгайтириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан тартибга солиш, халқаро стандартларни татбиқ этиш, аккредитация. ветеринария, санитария ва фитосанитария соҳаларида замонавий бошқарув тизимини ҳамда интеграциялашув имкониятларини жорий этиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш;
республиканинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан интеграциялашуви шароитида божхона-тариф ва нотариф тартибга солишнинг самарали тизимини ривожлантириш ва уни қўллаш чораларини мувофиқлаштириш;
товарлар (ишлар, хизматлар) ва капиталнинг халқаро кўламда ҳаракатланиш жараёнларини ҳамда маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш ва уларнинг ташқи бозорга эркин чиқиш имкониятларини мониторинг қилиш асосида Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви имкониятларини кенгайтириш ишларини мувофиқлаштириш;
республикада транспорт коммуникациялари ва ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаларида ислоҳотлар амалга оширилишининг комплекс ўрганилиши ва таҳлил қилинишини ташкил этиш натижалари асосида интеграциялашишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви бўйича музокаралар жараёнида иштирок этиш ҳамда интеграциялашувга масъул бўлган мутасадди давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар лойиҳаларини тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш;
миллий қонунчиликни Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашувига асос бўлувчи амалдаги халқаро шартномаларга мослаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш;
Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш ҳамда тегишли маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ўз марказий аппарати тузилмасида ходимлар умумий чекланган сони доирасида Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви масалалари билан шуғулланувчи таркибий бўлинмаларни ташкил этади.
Белгилаб қўйилишича:
Департаментнинг қўшимча штат бирликлари Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тизимидаги биттадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади;
назарда тутилган давлат бошқаруви органлари марказий аппаратида ташкил этиладиган таркибий бўлинмалар ходимларининг сони тегишли идора фаолиятининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда унинг раҳбари томонидан белгиланади.
Департаментга бириктирилган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар
1. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
2. Молия вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
3. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги - ташқи меҳнат миграцияси ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
4. Ташқи ишлар вазирлиги - ташқи меҳнат миграцияси ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
6. Энергетика вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
7. Ички ишлар вазирлиги - ташқи меҳнат миграцияси қисмида;
8. Транспорт вазирлиги - меҳнат мигрантларининг транспорт хавфсизлиги ва республикадан ташқарида уларни ташиш ҳамда халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
9. Қурилиш вазирлиги - меҳнат мигрантлари ва улар оилаларининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда уларга уй-жой қуриб бериш қисмида;
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
11. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш қисмида;
12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
13. Адлия вазирлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
14. Давлат божхона қўмитаси - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
15. Давлат солиқ қўмитаси - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
16. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
17. Монополияга қарши курашиш қўмитаси - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
18. Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
19. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси - халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари қисмида;
20. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари - меҳнат мигрантларини қайтариш, уларни реинтеграция қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш қисмида ҳамда бошқа тегишли соҳаларда.
Департамент билан ҳамкорлик қилиниши таъминланадиган ташкилотлар рўйхати
1. Савдо-саноат палатаси;
2. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши;
3. Хотин-қизлар қўмитаси;
4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши.
Мавзуга оид
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
11:12 / 25.05.2024
Адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари белгиланди
10:08 / 25.05.2024