Жаҳон | 23:25 / 11.01.2020
12062
2 дақиқада ўқилади

Руҳоний Теҳрондаги авиаҳалокат айбдорлари жавобгарликка тортилишини билдирди

Фото: AP

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳронда Boeing самолёти қулашига алоқадор барча шахслар жавобгарликка тортилишини билдирди. Бу ҳақда Владимир Зеленский ва Ҳасан Руҳоний ўртасидаги мулоқот якунлари бўйича Украина президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, бундан ташқари, Украина эксперт гуруҳига ҳамкорлик қилиш учун тегишли ёрдам кўрсатилади.

Руҳоний ўзаро мулоқот вақтида Украина халқи ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия изҳор қилган.

"У 176 кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиа учун Эрон номидан узр сўради. Эрон Ислом республикаси раҳбари фожиа ушбу давлат ҳарбийларининг хато ҳаракатлари оқибатида содир бўлганини тўла тан олади", — дейилади хабарда.

"Украина халқаро авиайўналишлари"га қарашли самолёт 8 январь куни тонг саҳарда Имом Хумайний номидаги аэропортдан ҳавога кўтарилган, аммо орадан бир неча дақиқа ўтгач радарлардан ғойиб бўлган ва қулаб тушган. Ҳалокат натижасида 176 киши ҳаётдан кўз юмди.

Мавзуга оид