Khan Academy O’zbek лойиҳаси таълим ва инсон феъл-атвори соҳаларида изланишлар олиб борувчи таниқли тадқиқотчи, ўндан ортиқ китоблар муаллифи, бир нечта ихтисослик бўйича мукофотларга сазовор бўлган Алфи Коннинг мақоласини ўзбек тилида тақдим этди.
Ҳозирги замон мактабларининг иш услуби мажбурий тарзда ўқитиладиган фанларга ва ўқувчилардан юқори натижаларни талаб қилувчи стандартлаштирилган тестларга қаратилган. Буларнинг бари «қаттиққўллик», «мақсадларни кенгайтириш» ва «янада оғир стандартлар» каби шиорларга асосланган.
Тасаввур қилайлик, кейинги йилда деярли барча талабалар имтиҳонда аъло баҳолар олишди. Бу ҳолатга сиёсатчилар, ишбилармонлар ҳамда ОАВнинг муносабати қандай бўлади? Балки, улар ҳайрат билан: «Офарин, бу ўқитувчиларнинг тинимсиз меҳнати натижасидир!» дейишар.
Албатта, йўқ. Улар бундай ажойиб муваффақиятни тест синовларининг жуда осон бўлгани билан изоҳлашади.
Бизда натижаларнинг жуда тез яхшиланишига муносабат доим шу кўринишда бўлиб келган. Мисол учун, 2009 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган математика бўйича имтиҳонда юқори натижалар қайд этилганида, штат бошқарув кенгаши раиси шундай деган эди: «Фикримча, бугунги натижаларни нишонлашнинг ўрнига, Нью-Йорк штати ўзи учун янада юқори стандартларни белгилаши керак».
Ташвишга соладиган томони шундаки, «юқори стандартлар»нинг асл маъноси «бир вақтнинг ўзида барча талабалар ета олмайдиган стандартлар»дир. Агар барча талабалар мос келадиган ҳолат юз берса, қайсидир талаба, албатта, йиқилиши учун бу стандартлар, шунчаки, янада оғирлаштириб қўйилади.

Стандартларни белгилашдан мақсад – ҳеч бир болани четда қолдирмаслик эмас. Аксинча, бундай ёндашув буғдойни сомондан ажратиш учун яратилган мураккаб саралаш ускунасига ўхшайди. Танасининг ранги бошқача ўқувчилар, даромади кам оиладан чиққан ва она тили инглиз тили бўлмаган ўқувчиларнинг сомон сифатида ажратилиши бу ҳаракатнинг қанчалик нотўғрилигини кўрсатади.
Аммо, юқорида тасаввур қилган мисолимиз таълим муассасалари учун «мақсадларни кенгайтириш» шиорининг асл моҳиятини кўрсатиб беради. Бизни ҳар сафар қайсидир гуруҳнинг барча аъзолари ғалаба эришганда шубҳа билан қарашга ўргатишган. Ғирром йўл тутилганига ҳеч қандай исбот бўлмаса-да, бундай гумонга бориш барчамизга сингдирилган. Америкада аъло натижага эришиш жуда қийин деб ҳисобланади. Муваффақият фақат саноқли инсонлар томонидан эришилгандагина тан олинади.
















