Жамият | 14:36 / 13.01.2020
25807
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ИИББ «мигалка» ва «сирена»ни рухсатсиз ўрнатиб олган ҳайдовчиларни жаримага торта бошлади

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Пойтахтда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари автомобиль ҳайдовчиларида «мигалка» ва «сирена» каби «урфлар» пайдо бўлганини кузатмоқдалар, деб ёзмоқда ИИББ ахборот хизмати. 

Пойтахт ИИББ автомобилчиларга тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш жарималарга сабаб бўлишини эслатди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 10 январь куни соат 12:20да Минор масжиди ёнида махсус ёритувчи қурилма ўрнатилган Spark русумли автомобиль шу ҳудудда хизмат олиб борган ЙҲХБ ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилди. Аниқланишича, автомобилни ишончнома асосида 21 ёшли Ф.З. бошқариб юрган ва махсус ёритувчи қурилмалар ўрнатиш учун рухсатга эга бўлмаган. Ушбу факт асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси бўйича баённома расмийлаштирилди.  

ИИББнинг эслатишича, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, мазкур қоидабузарлик ҳолларида автомобиль жарима майдончасига жойланади.

«Ҳурматли ҳайдовчилар! Рухсатсиз ўрнатилган «мигалкалар» сизларни олифта қилиб қўймайди – балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан масъулиятсизлигингизни ҳамда автомобиль бошқарувига жиддий қарамаслигингизни билдиради.

Маданиятимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш мисолида ўзаро ҳурмат урфини шакллантиришимиз зарур. Ўзингизда ва яқинларингизда ушбу мақсадни рағбатлантиринг», - дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид