Сўнгги пайтларда бутун дунёда бўлганлиги каби Ўзбекистонда ҳам "молиявий пирамидалар" кўринишидаги турли фирибгарлик схемаларидан, шу жумладан, крипто-активлардан фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда, дейилади Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) билдиришида.

Қайд этилишича, одатда келиб чиқиши чет элларда бўлган жиноий гуруҳлар ҳар хил электрон платформалар, сайтлар ва ахборот тизимларини ташкил қилиш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида аҳолининг бўш пул маблағларини жалб қилиш учун Ўзбекистон бозорига кирмоқда. Бунда республика аҳолиси молиявий саводхонлигининг паст даражада эканлиги, шунингдек, унда крипто-активларнинг мазмуни ва ишлаш механизмлари тўғрисида асосий билимларнинг йўқлиги ёвуз ниятли одамларга қўл келмоқда.

Бундай лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш ва кўп сонли иштирокчиларни жалб қилиш учун тармоқ маркетинги деб номланувчи усул ва "Понци схемаси" элементларидан фойдаланилади.

“Понци схемаси” молиявий пирамидани ташкил этишнинг жиноий схемаси бўлиб, у аввалги инвесторларнинг даромадларини янги инвесторлардан олинган маблағлар ҳисобидан тўлашни назарда тутади. Аввалига бу жуда фойда келтирувчи схема бўлиб кўриниши мумкин, аммо у одатда янги инвесторларнинг маблағлари оқими эскиларига тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлмай қолгандан сўнг бузилади.

Жиноят кодексининг 188-1-моддасига биноан (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият) мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ҳамда шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш, худди шунингдек мазкур фаолиятда иштирок этишга жалб қилиш мақсадида ушбу фаолиятни реклама қилиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда реклама қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Чакана савдо қоидаларида тармоқ маркетинги орқали чакана савдони амалга ошириш хусусиятлари белгилаб берилган. Ушбу Қоидаларнинг 187-8-бандига мувофиқ тармоқ маркетингини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:

савдо агенти шартнома тузиш учун сотиб олиши керак бўлган товарларнинг минимал миқдорини белгилаш;