Молиявий пирамида тарғиботига йўл қўйган мактаб директори ва боғча мудираси ишдан олинди
Kun.uz суриштирувидан кейин HNK медиакомпаниясининг таълим масканларидаги тарғиботи юзасидан Болалар омбудсмани ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўрганиш ўтказди. Натижада таълим ва тарбия масканида ушбу компания тарғиботига йўл қўйган мактаб директори ва боғча мудираси лавозимидан озод этилган. Болалар омбудсманига кўра, вояга етмаганлардан тижорий мақсадларда фойдаланиш бола эксплуатациясининг бир шакли ҳисобланади.
HNK медиакомпаниясининг таълим масканларидаги тарғиботи юзасидан Kun.uz суриштирувидаги ҳолатлар Болалар омбудсмани ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Болалар омбудсмани маълум қилди.
Аниқланишича, ҳолатлардан бири Чуст туманидаги 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан таълим мақсадларига зид равишда мактабда таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган тадбирлар ташкил этгани учун мактаб директори Ж.Т.га интизомий чора қўлланиб, у лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, яна бир ҳолат Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотида кузатилган. Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан бунга йўл қўйган мактабгача таълим ташкилоти мудираси в.в.б. А.З.га ҳам тегишли интизомий чора кўрилиб, у вазифасидан озод қилинган.
“Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 32-моддасида давлат боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиғи учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқини эътироф этади деб белгиланган.
Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида турли медиа тижорат компаниялари тарғиботининг ўтказилиши таълим муассасаларнинг мақсад ва вазифаларига номувофиқ бўлиши билан биргаликда, қонунчилик талабларига ҳам зиддир.
Хусусан, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш тақиқланиши белгиланган. Болалардан бу каби тижорий мақсадларда фойдаланиш - бола эксплуатациясининг бир шаклидир”, дейилади Болалар омбудсмани муносабатида.
Таълим билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ташвиқот тадбирларига болаларнинг жалб этилишига нисбатан қатъий муросасиз бўлиш ва бундай номақбул ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўриш шартлиги юзасидан Болалар омбудсмани томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тегишли хулоса киритилган.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда вазирлик раҳбарияти томонидан таълим муассасаларида бундай номақбул ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича республиканинг барча ҳудудий мактабгача ва мактаб таълим бошқармаларига тегишли топшириқлар берилган.
Kun.uz HNK медиакомпанияси тарғиботи билан маҳалла раислари ҳам шуғулланаётганини аниқлаганди. Хусусан, Бухоро шаҳридаги Тўқимачи маҳалласига 2,5 йилдан бери раислик қилиб келаётган Шерзод Жумаев ушбу молиявий пирамидага унинг ўзи ҳам қўшилганини маълум қилганди.
“Текшириб кўрдим, бу ишончли экан, Ўзбекистон билан 2021-2031 йилларга шартнома қилган экан. Гувоҳномаларини кўрдим. Ўзим ҳам 360 минг сўм билан кирдим. Ҳали биринчи босқичдаман”, деган эди маҳалла раиси.
Таҳририят ушбу ҳолат юзасидан Маҳаллалар уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси матбуот хизмати билан боғланди. Бироқ бошқарма вакили Шерзод Жумаевга бирор чора кўрилган ёки кўрилмаганини очиқламади.
Мавзуга оид
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
21:14 / 22.10.2024
Kun.uz огоҳлантирган Whats платформаси молиявий пирамида эканлиги тасдиқланди: ИИВ жиноят иши қўзғаган
22:25 / 20.10.2024
Фирибгарлар Telegram орқали фотосурат кўринишида вирус юбормоқда
15:12 / 20.10.2024