HNK’нинг “ўхшамаган” баёноти

Heineken (HNK) медиа компанияси ҳақида Kun.uz олдинроқ ҳам ёзганди. 2016 йилда ташкил этилгани ва бош қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашгани, таъсисчилари Kevin Torn ва Barri Jons исмли шахслар экани айтиладиган мазкур компания видео кўриш ва уларга лайк босиш орқали пул топишни тарғиб қилади.

Kevin Torn ва Barri Jons бор шахсларми ёки аслида йўқми, ҳарқалай уларни Ўзбекистонда HNK’га аъзо бўлганларнинг ҳеч бири кўрмаган.

Kun.uz суриштирувидан сўнг HNK гуруҳларида компаниянинг баёноти тарқатилди. Унда ушбу компания одамларга барқарор иш имкониятларини тақдим этиши, уларга даромад олишга ёрдамлашиши ҳамда қўл меҳнати қийинчиликларидан қочиш имконини бериши айтилади.

“Баъзи офлайн компаниялар HNK амалиётларини камситиш ва унга қарши чиқишни бошлади. Улар одамларни анъанавий офлайн иш жойларини қадрлашга ундашга ҳаракат қилмоқда, лекин аслида улар одамларнинг ҳаёт сифати яхшиланишини хоҳламайди. Улар ҳамманинг бой бўлишини эмас, балки одамларнинг меҳнатига таянишни хоҳлайди”, дейилади баёнотда.

Аммо компания агар даромад шунчаки видео кўриш орқали берилаётган бўлса, одамлар нега пул тикиши кераклиги, бунга қандай зарурат борлигини очиқламаган.

Нишонда мактаб ва боғчалар

Хавотирлиси, фаолияти шубҳали бўлган ва молиявий пирамида экани аниқ кўриниб турган HNK компанияси имкон қадар кўпроқ одамни “тўрига илинтириш” учун арзимаган “сахийлик” баҳонасида ҳатто таълим масканларига бориб, тарғибот ишларини амалга оширмоқда. Таълим ва тарбия масканларининг раҳбарлари эса бунга очиқчасига йўл қўйиб бермоқда.

Масалан, HNK вакиллари турли ҳудудлардаги мактабларга бориб, гўёки хайрия тадбири ўтказган. Лекин шу баҳонада ўқувчиларга компания логотипини ушлатиб, тарғибот ишларини олиб борган.

Компаниянинг “қадами” ҳатто мактабгача таълим ташкилотларига ҳам етиб борган. Боғча мудиралари ва тарбиячилар компанияга қўшилишга чорлаб, видеога ҳам тушиб бермоқда.