Ўзбекистон | 12:29 / 14.01.2020
8389
3 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти тиббиёт ташкилотларида «ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш тартиби жорий этиляпти

Фото: Shutterstock

Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт ташкилотларини молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига ва “ҳар бир даволанган ҳолат учун” молиялаштириш механизми тажриба-синов тарзида жорий этиладиган Сирдарё вилояти тиббиёт ташкилотларининг рўйхати тасдиқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тузилмасида Сирдарё вилояти “соғлиқни сақлаш” тизимидаги муассасаларнинг штатлари доирасида 7 кишидан иборат тиббий хизматлар бўйича давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни тузиш ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлимини ташкил этади;

молиялаштиришнинг янги механизмларига ўтаётган тиббиёт ташкилотлари учун стационар ва амбулатор шароитда беморларни даволаш харажатларини алоҳида ҳисобга олиш мақсадида мавжуд электрон бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот дастурларини такомиллаштириш чораларини кўради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига мувофиқ ордерлар ва йўлланмалар бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрилиги устидан назоратни, шунингдек, молиялаштиришнинг янги механизмини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказиш натижаларининг тизимли мониторинги ва таҳлилини таъминлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларини “ҳар бир даволанган ҳолат учун” Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга кўра, молия йилида тиббиёт ташкилотига бир шартнома доирасида ажратилган маблағлар ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 февралгача қуйидагиларни тасдиқлайди:

ҳар бир даволанган ҳолат учун базавий тариф ва мураккаблик индекслари;

стационар тиббий ёрдам олиши режалаштирилган мижозлар сони.

“Ҳар бир даволанган ҳолат учун” базавий тарифни ва мураккаблик индексини ҳисоб-китоб қилиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Тиббиёт ташкилоти билан “ҳар бир даволанган ҳолат учун” шартнома Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли тиббиёт ташкилотлари учун ажратилган маблағлар доирасида тузилади.

Ваколатли органлар ва тиббиёт ташкилоти ўртасида “ҳар бир даволанган ҳолат учун” бўйича кўрсатилган хизматлар ҳақи намунавий шакл бўйича тузилган шартномага мувофиқ тўланади.

Соғлиқни сақлашни бошқариш органлари молия органлари билан биргаликда тиббиёт ташкилотлари бюджеталарини ҳисоблаб чиқади, шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди ва улар билан шартнома имзолангандан кейин уч кун ичида тиббиёт ташкилотларига етказади.

Мавзуга оид