Халқ демократик партияси республика бўйича нечта депутатлик ўрнини қўлга киритди?
Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайлов якунланди. Энди сайлов олдидан мўлжалланган ишларни аниқ режалаштириб, рўёбга чиқариш учун курашадиган давр бошланди.
Сайлов натижаларини атрофлича танқидий таҳлил этиш, республика бўйича янгидан шаклланаётган депутатлик бирлашмаларининг фаолиятини самарали йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши видеомулоқот шаклида ўтказилди.
Ҳудудий студияларда вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари раислари ҳамда партия гуруҳлари раҳбарлари, жами 300 киши иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда партия эришган умумий натижалар танқидий таҳлил этилди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов сайлов жараёнлари янгича ҳуқуқий шароит ва очиқлик муҳитида ўтгани, партияларга ўз ғоя ва дастурларини тарғиб қилиш учун кенг имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, йўл қўйилган сусткашлик ва камчиликларни жиддий таҳлил қилиш, уларнинг сабабларини зудлик билан бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.
Халқ демократик партияси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги жами 6720 та депутатлик ўрнининг 1608 тасини, яъни умумий натижаларга кўра сиёсий партиялар орасида иккинчи ўринни қўлга киритди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 та депутатлик ўрнидан 22 тасини, Жўқорғи Кенгес, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги 831 та ўриндан 202 тасини, туман, шаҳар Кенгашларидаги 5739 та ўриндан 1384 тасини Халқ демократик партияси номзодлари эгаллади.
Партия депутатларининг 1420 нафари олий маълумотли, 62 нафари 30 ёшгача, 738 нафари 30-50 ёшгачадир. Депутатларнинг 450 нафари хотин-қизлар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан сайланган депутатларнинг 11 нафари, яъни тенг ярми аёллардир. Парламентдаги энг ёш депутат ҳам шу партиядан сайланган.
“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ ҳамда сайлов натижаларига асосан Халқ демократик партияси Қонунчилик палатасида ўз фракциясини, Жўқорғи Кенгес, вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларида (14 та), шунингдек, туман ва шаҳар Кенгашларининг 195 тасида ўз гуруҳларини тузиш имкониятига эга бўлди.
Бу рақамлар Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, халқимизни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқишда Халқ демократик партияси катта имкониятларга эга эканини англатади.
Ҳозирги кунда энг жиддий масала – қонунларга тўлиқ риоя қилинишига эришишдир. Шунда ижтимоий муаммолар камаяди, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги тамойили таъминланади. Бунинг учун кўпроқ ҳудудларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш керак бўлади. Акс ҳолда, қуйида ислоҳотлар рўёбга чиқиши қийин: одамлар, халқимиз ҳаёти ва турмушида ўзгаришлар сезилмайди. Халқ демократик партияси бу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратди.
Айнан шундан келиб чиқиб, йиғилишда Халқ демократик партияси Сайловолди платформасини амалга ошириш бўйича партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларининг 2020 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури муҳокама этилди.
Ушбу дастурда ҳар бир ҳудудда депутатлар қандай ижтимоий муҳим масалаларни танқидий таҳлилий ўрганиши, сессияларга олиб чиқиши, ҳокимлик ва масъул идораларнинг ҳисоботларини эшитиши бўйича вазифалар аниқ белгиланган. Ҳар бир вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳлари йилнинг ҳар чорагида ўрганиши, муҳокама қилиб, таҳлилий танқидий таклифлар тайёрлаши керак бўлган йўналишлар назарда тутилган. Дастурга мувофиқ республика миқёсида жами 942 та масалани ўрганиш режалаштирилган.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича партия Марказий Кенгаши бўлим бошлиқлари – Бахтиёр Абдуллаев, Боймурод Юсупов, Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси Халилла Ешимбетов, Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Мавжуда Ҳасанова, Навоий вилоят кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев, Фарғона вилоят кенгаши раиси Дилбар Мамаджанова, ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари – Шарбат Абдуллаева ва Сафар Остонов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Муҳокамалардан кейин партиянинг 2020 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинди.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати
Мавзуга оид
13:38 / 06.09.2021
Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди
16:00 / 04.09.2021
Талаба ўқисинми ёки ижарага пул топсинми?!
18:12 / 02.09.2021
Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани ҳақида: Давлат тест маркази изоҳ бериши шарт!
14:00 / 05.07.2021