Жамият | 22:33 / 15.01.2020
11919
2 дақиқада ўқилади

Нуриддин Холиқназаров: «Мусулмон бор жойда чиқинди бўлиши – катта гуноҳ»

«Амирсой» тоғ-чанғи курортида Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган Тошкент шаҳри бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров тозалик, покликка амал қилиш мусулмон киши ҳаётининг асосларидан эканини таъкидлади.  

«Мўминнинг ҳаётида поклик биринчи ўринда. Бу ҳақда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам поклик иймоннинг ярми, деганлар. Барча фиқҳ ҳақидаги китобларни кўрадиган бўлсак ҳам биринчи таҳоратдан бошланади, негаки дин поклик устига қурилади.

Мўмин-мусулмон банда яшаётган жойда чиқинди бўлиши катта гуноҳ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом иймон етмиш учта (бошқа ривоятларда етмиш нечта ҳам) шўъбадан иборат. Шулардан бири кўчадан одамларга азият берадиган нарсаларни олиш. Демак, бу иймонимиз белгиларидан бири.

Мусулмон одам шундай бўлиши керакки, ҳеч ким ундан жирканмасин. Эътиборингизни битта мисолга қаратаман, маълумки, саримсоқ исломда ҳаром қилинмаган. Фойдали ва манфаатли маҳсулот. Лекин нега уни еган одам масжидга кирмасин дейилган, чунки унинг ҳидидан мусулмонлар ҳам, фаришталар ҳам озор топади», деди Тошкент шаҳри бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров.

Мавзуга оид