Жамшид Хўжаев ҳуқуқий асоси йўқ кластер тизими ва янги агентлик ҳақида гапирди
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кластерларининг ҳуқуқий мақоми ҳамон белгиланмаган. Тегишли ҳужжат бир ой ичида ишлаб чиқилиши кутилмоқда, деб маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев.
Халқаро пресс-клубнинг 5 февралдаги сессиясида қишлоқ хўжалиги соҳаси муҳокама қилинди.
Сессияда журналистлар томонидан Ўзбекистонда кластер тизими йилдан йилга кенгроқ жорий қилинаётгани, шундай бўлса-да уларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамон белгиланмагани, бу эса фермер хўжаликлари билан муносабатларда турли низоли вазиятларни келтириб чиқараётгани борасида савол берилди.
Саволга Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев жавоб берди.
"Биз Президент томонидан ўтказилган йиғилишда шу масалани ҳам гаплашиб олдик. Ҳақиқатда кўп муаммолар бор. Ҳуқуқий асос масаласида биз ўтган йили кластер ва фермерлар ўртасида шартнома тартибини белгилаган эдик. Аммо шартноманинг шартлари сиз айтганингиздек, фермерлар манфаатини ва баъзи жойларда кластерлар манфаатини ҳисобга олмаган.
Бу борада президент вазифа қилиб бердики, бир ой ичида Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан бирга мана шундай норматив ҳужжат ишлаб чиқилади.
Биз бу муаммони биламиз ва унга бир ой ичида ечим топамиз", - дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирга, шунингдек, деҳқон ва томорқа ер эгаларининг кўпчилик қисми ўсимликларнинг турли касалликлари ва зараркунандаларидан зарар кўраётгани, бу борада вазирлик қандай ишлар олиб бораётгани борасида ҳам савол берилди.
Жамшид Хўжаевга кўра, ўсимлик касалликлари зараркунандалари масаласи бевосита “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти зиммасидаги масала ҳисобланади.
“Мен аввалдан айтишим мумкинки, биз алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқдик. Унга кўра, бу тизим янги агентлик томонидан мувофиқлаштириладиган бўляпти. Бу агентлик томорқа ер эгасининг ҳам, фермернинг ҳам масаласи билан шуғулланади.
Бизнинг бу борадаги таклифимиз яқин кунларда ҳукуматга етиб бориши керак.
Ҳужжатда агроном-энтомологларни яна қайтадан давлат томонидан молиялаштириш тизими ҳам кўзда тутилган", деди у.
Қўшимча қилинишича, бу борада шу пайтга қадар аниқ тизим йўқлиги сабабли ҳам муаммолар юзага келмоқда. Шунингдек, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш маслаҳат бериш тизимида ишламоқда.
“Бу тизимда мажбурий амалда бўладиган стандартлар ишлаб чиқилмаган. Биз бу тизимни ислоҳ қилиш устида ишлаяпмиз”, деди Жамшид Хўжаев.
Маълумот учун, қишлоқ хўжалигида кластер тизими экинларини етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олади.
Мутахассислар фикрига кўра, бугун дунёдаги кўпгина етакчи давлатлар иқтисодиётининг қарийб 50 фоизи кластер усулига ўтган. Масалан, Европа Иттифоқида 2 мингдан зиёд кластерлар мавжуд бўлиб, уларда ишчи кучининг 38 фоизи қамраб олинган. Дания, Финландия, Норвегия, Швеция саноатида тўлиқ кластер усули татбиқ қилинган. АҚШда эса мамлакатдаги мавжуд корхоналарнинг ярмидан кўпи шу тизимда ишлаб, улар томонидан тайёрланаётган товарлар ЯИМнинг 60 фоизини ташкил қилади.
Қўшимча қилиш керакки, бу давлатларда фермер хўжаликлари аксарият ҳолда кластер тизимига ихтиёрийлик асосида, илм ва ишлаб чиқаришни шиор қилган ҳолда бирлашади. Бунда фермерлар тайёр маҳсулот ишлаб чиқилгунча бўлган жараёнда турли вазифаларни бажарадилар.
Мавзуга оид
11:59 / 22.12.2024
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
14:30 / 01.10.2024