Талоқ ҳақида
— Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилинади: Иблис алайҳилаъна ҳар куни сувга тушиб, сув орқали инсонларнинг танасига ўз аскарлари, шотирларини ёмонлик қилиш учун юборади. Кечқурун яна аскарларини йиғиб, нима бадбахтлик қилдинг, қандай гуноҳларга сабабчи бўлдинг, деб ҳисоб сўраркан.
Шайтонларнинг бири «қотилликка сабаб бўлдим», бири «одамни ўғриликка бошладим», деб айтиб чиқса, Иблис «ҳеч нарса қилмабсан», деб жавоб бераркан. Шунда бир чеккада турган шайтонваччадан «сен нима каромат кўрсатдинг», деб сўраса, у «мен эр-хотиннинг орасига тушдим, эрнинг оғзидан талоқ чиқмагунча, уларни тарк қилмадим», деб жавоб беради. Иблис буни эшитиб, «сен қандай ҳам яхшисан», деб мақтаб, унинг бошига тож кийдираркан.
Уламолар бу ҳадисни шарҳлаб, ҳамма энг ёмон жиноятлар – қотиллик, ўғрилик, зино ҳам оиланинг жудо бўлиши, талоқ натижасида келиб чиқади, дейишади.
Оилада ажралмасдан бошқа илож бўлмай қолиши, ажрим энг охирги чора бўлиши мумкин. Ажримни мутлақо тақиқлаб қўйса, оила хиёнат билан яшашга мажбур бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда Исломда ажримга рухсат берилган. Лекин Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ўзи рухсат бериб, ҳалол қилган нарсалар ичида ўзи энг ёмон кўрадигани талоқдир», дейдилар. Талоқ ҳеч иложи қолмагандагина қўйилади.
Мир Араб мадрасасида узоқ йил мудирлик қилган устозим Мухторжон домла бизга шундай ўргатганлар: агар бир оила сизга ажрим, талоқ масаласида мурожаат қилса, бу ҳолатда оилани яраштиришга рухсат йўқ деб китобнинг 99 жойида айтилган бўлса-ю, битта жойда ярашишга рухсат бор, дейилган бўлса, мана шу биттани олинг ва оилани яраштиринг.
Никоҳ масаласи
— Никоҳ – муқаддас ибодат. Афсуски, охирги вақтда никоҳга панжа орасидан қараладиган бўлиб қолди. Унга одатий, кунлик маросимдек муносабатда бўлишади. Ҳамма нарсага вақт топишади – ўйин-кулгига, машиналарни қаторлатиб «ЗАГС»га боришга ҳам вақт топишади. Лекин никоҳга келганда, «10 дақиқа вақтимиз бор, тезгина ўқиб беринг», дейишади.
Никоҳ ўқишга борсак, келин-куёвни остонага ўтказиб қўйишади, ҳамма қараб туради. Энг муқаддас ришта остонада боғланмайди. Келин-куёвни ҳурмат билан ичкарига ўтказишсин, биз уларга панд-у насиҳатларимизни қилайлик.
Келин бутун умрини бахшида қилиб, ота-онасининг измидан чиқиб, эрининг измига киради. Куёв қизни омонат ўлароқ қабул қилади. Боқиши, ўқитиши, касал бўлса даволатиши, ҳамма масъулиятни ўз бўйнига олиши керак. Биз шуни никоҳ ўқиш чоғида тушунтиришимиз, эр-хотиннинг бир-бирининг олдидаги бурч ва вазифаларини ўргатишимиз керак.















