Ўзбекистон | 10:12 / 15.01.2020
32396
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фуқаронинг фото тасвиридан унинг рухсатисиз фойдаланиш мумкинми?

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99-моддасига асосан шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи ажралмас ва дахлсиздир, деб ёзмоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, тасвирга бўлган ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган шахс Фуқаролик процессуал кодексда белгиланган тартибда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.

Бироқ, миллий қонунчиликда фуқаронинг тасвирга бўлган ҳуқуқи дахлсизлиги чегаралари аниқ белгиланмаган.

Хусусан, фуқарони оммавий тадбирларда иштирок этиш пайтида ёки жамоат жойларида тасвирга тушириш ҳамда ушбу тасвирдан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги талаб қилиниши ёки талаб қилинмаслиги масаласи қонунчиликда назарда тутилмаган.

Бу ахборот тарқатишнинг осон ва тезкор усуллари мавжуд бўлган ҳозирги даврда жамиятда, шу жумладан Интернет тармоғида, фуқаролар ўртасида айрим низо ва тушунмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан ушбу масала бўйича хорижий давлатлар қонунчилиги ўрганилганда, аксарият давлатларда (Аргентина, Австрия, Бельгия, Дания, Хитой, АҚШ, Исроил, Италия, Россия, Швеция ва бошқа.) шахсни фото ёки видео тасвирга тушириш учун ушбу шахснинг розилиги талаб этилмаслиги маълум бўлди.

Бироқ, Бразилия, Испания ва Швейцарияда шахсни тасвирга тушириш учун албатта ушбу шахснинг розилиги олиниши шарт. Хусусан, Швейцарияда шахснинг ташқи кўринишини ҳар қандай ҳолатда ва жойларда расмга олиш унинг ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади.

Шунингдек, айрим ҳолатларда шахснинг фото ёки видео тасвирларини тарқатиш учун унинг розилиги талаб этилмайди. Масалан, оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқа) ва жамоат жойларида (таълим муассасалари, ҳайвонот боғи, сайилгоҳлар ва бошқа) олинган тасвирлар (Дания, Франция, Россия); шахснинг тасвири туширилган нашрлар фақат илмий, педагогик ёки маданий мақсадлар учун фойдаланилса (Чехия); фотосурат бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки амалга ошириш, шунингдек давлат ва жамоат манфаатлари учун фойдаланганда (Бразилия, Канада).

Ўрганиш натижаларига асосан, мазкур масаланинг бугунги кунда долзарблиги инобатга олинган ҳолда вазирлик томонидан миллий қонунчиликка шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш механизмларини аниқ белгиловчи нормани киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид