Ўзбекистон | 20:44 / 16.01.2020
22809
3 дақиқада ўқилади

Бухородан кимлар Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб сайланди?

16 январь куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуджон Истамов кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуджон Истамовнинг таклифи билан 15-Лоша сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов қўшма йиғилишнинг раиси этиб тасдиқланди.

Қўшма мажлис кун тартибига битта — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Бухоро вилоятидан Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилди.

Қонунчиликка мувофиқ, Сенат аъзолари сайлови яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Саноқ комиссиясининг раиси қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз бериш тартибини тушунтирди.

Шундан сўнг депутатлар яширин овоз бериш кабиналарида Сенат аъзолигига номзодлар учун овоз бердилар.

Овоз бериш натижаларига кўра 6 нафар номзод:

26-«Челонғу» сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Исоевич Барноев;

2-«Варахша» сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати, республика «Оила» илмий- амалий тадқиқот марказининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Абера Амановна Ҳусейнова;

60-«Жумабозор» сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, Олот туманидаги «Парвоз Ҳумо Равнақ Транс» МЧЖ таъсисчиси Нурмухамед Нуруллаевич Ачилов;

41-«Ўзбекистон» сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, республика Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари Эркин Файзиевич Гадоев;

27-«Боғитуркон» сайлов округидан сайланган вилоят кенгаши депутати, «Бухоро Коттон Текстил Кластер» пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси Муртазо Аҳмедович Раҳматов;

3-«Дўстлик» сайлов округидан сайланган Олот туман кенгаши депутати, республика Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган Шуҳрат Асқарович Чўллиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига якдиллик билан сайландилар. 

Мавзуга оид