Ўзбекистонда олий таълим сифатини оширишга кўмаклашиш учун халқаро компания ёлланди
Тошкент давлат техника университетидаги Ўзбек–Япон ёшлар инновация марказида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Shbeemann хорижий консалтинг компанияси ўртасида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтинг рўйхатига киритиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида айтилишича, Жаҳон банки кўмагида имзоланган шартномага кўра компания 3 йил давомида Ўзбекистондаги 10 та олий таълим муассасасининг халқаро эътироф этилган рейтингларда кучли 1 000 таликка кириши учун методик кўмакни амалга оширади.
– Президентимиз томонидан бизга таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш вазифаси белгиланган. Биз бунга фақат университетларни халқаро рейтингларга киритиш орқалигина эришишимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ЎзМУ ва СамДУ дунёнинг энг кучли университетлари рейтингида кучли 500 таликка кириши лозимлиги белгиланганди. Ҳозирча компания Ўзбекистондаги 10 та ОТМнинг QS ва Times Higher Education халқаро рейтингларининг кучли 1000 талигига киришлари учун методик ёрдам кўрсатади.
Компания кўп йиллик тажрибага эга ва дунёнинг бир неча мамлакатлари билан ҳамкорлик қилади. Биз улар билан Ўзбекистон университетларини дунёнинг кучли 100 талигига кириши бўйича ҳамкорлик қиламиз. Адашмадим, 1 000 талик эмас, айнан 100 талигига киришига ҳаракат қиламиз, – деди олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов шартномани имзолаш маросимида.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 2020 йил учун QSнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари рейтингида қайд этилган.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Kun.uz’ га маълум қилишича, ушбу халқаро консалтинг компаниянинг вазифаси – олий таълим тизимида бошқарув салоҳиятини ошириш, халқаро таълим дастурларини маҳаллий ОТМларда жорий этиш ва ОТМларининг академик мустақиллигини таъминлашга услубий ва техник кўмак кўрсатиш ҳисобланади. Бунинг натижасида ОТМлар вазирлик томонидан марказлашган ҳолда берилган дастурларни ўқитиш билан эмас, балки ўзлари томонидан ишлаб чиқилган ва кадр буюртмачилари ва таълим олувчилар эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган дастурларни жорий этишлари ва ўқитишлари кутилмоқда.
«Талабага йўналтирилган» таълим жараёни ташкил этилади, давлат таълим стандартлари хориж тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади, ўқитиладиган фанлар сони вазирлик томонидан марказлашган тартибда эмас, балки ОТМлар томонидан мустақил белгиланади.
Мавзуга оид
18:02 / 17.04.2024
Хусусий олий таълим: тижорий манфаат ва сифатли таълим мувозанати қандай топилади?
08:09 / 16.11.2020
Битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичлари бўйича энг катта ўсиш икки вилоятда қайд этилди
00:18 / 16.11.2020
Талабалар — пойтахтнинг асл уйсизлари
17:02 / 14.11.2020