Ўша пайтларда советлар фақат учта моделда енгил автомобиль ишлаб чиқаришар эди: «Москвич», «Победа» ва «Запорожец». «Победа»ни ўзига тўқроқ фуқаролар, «Москвич»ни ўртаҳоллар сотиб олишган бўлса, «Запорожец» асосан рўйхат асосида уруш қатнашчиларига берилган. Уруш фахрийларидан ортгани аҳолига сотилган.

Шу ўринда бир эслатма: Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг СССР Германиядаги жуда кўплаб завод-фабрикаларнинг ускуналарини кўчириб келади ва маҳсулотларнинг номини ўзгартириб, ўзида ишлаб чиқара бошлайди. 

Масалан, 1945 йилда дунёга машҳур «General Motors» компаниясининг Германиядаги шўъбаси бўлган «Opel AG» автомобиль заводининг ускуналари Москвага кўчириб келинган. Шу тарзда Германияда ишлаб чиқарилган «Opel Kadett K38» бу ерда «Москвич-400» номи билан ишлаб чиқарилган. Иттифоқ конструкторларининг ўзлари ясаган «Москвич» 1950-йилларнинг ўрталаридан бошлаб пайдо бўлган. 

1960-йилларга келиб Ғарб дунёси, хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Италия, шунингдек Япония автомобиль саноати жуда ривожланиб кетди ва бу давлатларнинг ҳар бирида 4-5тадан автомобиль заводларининг ҳар бири камида 10-15та маркада автомобиль ишлаб чиқарар эди.

Ана шундай ҳолатда иттифоқ раҳбарияти замонавий «халқчил» автомобиль заводи қуриш лозимлигини тушуниб етди. Аммо замонавий автомобиль заводини советларнинг ўзи қуролмас эди: автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи замонавий линияларни тайёрлаб берадиган заводларнинг ўзи йўқ эди. Шу жиҳатдан, собиқ иттифоқ автосаноати хорижлик ҳамкорлар кўмагига муҳтож эди.

Замонавий автозавод қуриш учун хориждан ҳамкорлар қидириш ишлари бошланди. Германия, Франция, Италиянинг бир нечта автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялари билан музокалар ўтказилди. Уларнинг заводларига бориб ишлаб чиқариш жараёни кузатилди, моделлар ўрганилди.

Якунда Италиянинг «Fiat» компанияси билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишув имзоланди.

Завод қуриладиган шаҳар сифатида 54та ҳудуддан ўша пайтда Куйбишев (ҳозирги Самара) областидаги шаҳарча танланди. Шаҳарга 1964 йилда италиялик коммунист Пальмиро Тольятти номи берилган. Унгача 300 йиллик тарихга эга шаҳар Ставрополь-на-Волге деб аталган. Италияликлар билан ҳамкорлик қилиш аниқ бўла бошлагач, советлар дарҳол Самара яқинидаги бу шаҳарни номини итальян коммунисти номи билан атаб, сўнг италиялик ҳамкорларга заводни айнан ушбу шаҳарда қуриш режасини билдиришади.