КГБ зобити, ўз вақтида генерал-майор унвонига эга бўлган Дмитрий Поляков 25 йил давомида АҚШ разведкасига қарийб 25 қути ҳажмдаги махфий ҳужжатлар ва КГБнинг минглаб ходимлари ҳақидаги маълумотларни етказиб беради. У нима учун бу ишга қўл урган?

Хорижий разведка хизматлари билан боғланган ва ўз мамлакатига хиёнат қилганлар орасида СССР Разведка бош бошқармаси зобити Дмитрий Поляков ажралиб туради. У 25 йил давомида МРБ фойдасига ишлаган ва турли даражадаги маълумотларни етказиб турган. Дмитрий Поляков ким эди ва нима учун бу ишга қўл урган?

Дмитрий Федорович Поляков 1921 йилда Украинада туғилган. 1939 йилда ўрта мактабни тугатиб, артиллерия билим юртига ўқишга киради. Фашистларга қарши урушда қатнашиб, Қизил юлдуз ордени билан тақдирланади. Ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан сўнг у таълим олишни давом эттиради ва кейинги йилларда Фрунзе академияси ва Бош штаб курсларини тамомлайди. Шундан сўнг бошқа битирувчилардан фарқли равишда архивга эмас, балки Бош разведка бошқармасига ишга юборилади.

Кареранинг бошланиши

1951 йилда ёш жосус биринчи йўналишни олади ва дарҳол Нью-Йоркка боради. Ҳарбий разведкачи беш йил давомида дипломатик ниқоб остида хизмат қилади ва унинг фаолияти раҳбарларни ҳайратда қолдиради. Дастлабки йилларда Поляков АҚШнинг Австралия, Корея, Япониядаги ҳарбий базалари, Қўшма Штатларнинг ҳаво ҳужумига қарши курашиш тизими, МРБнинг марказий Европада фаолият кўрсатаётган ходимлари ҳақидаги маълумотларни тўплаб Москвага етказади.

1959 йилда уч йиллик танаффус ва контрразведка текширувларидан сўнг Поляков яна Қўшма Штатларга ишлаш учун қайтади, бу пайтда у аллақачон полковник унвонини олган ва ноқонуний ишлар бўйича резидент ўринбосари лавозимига кўтарилганди. 1960 йилгача БМТдаги СССР ваколатхонасида ишлайди. Поляковнинг асосий вазифаси — дунёнинг барча бурчакларидаги АҚШ қуролли кучлари ҳолати ҳақидаги жуда муҳим маълумотларни СССР хавфсизлик идораларининг АҚШда яширин фаолият олиб бораётган ходимларидан тўплаб, уларни мувофиқлаштириш бўлган.

КГБга хиёнат

АҚШдаги фаолияти даврида Поляков ўғил фарзанд кўради ва орадан уч ой ўтгач бола оғир касалликка чалинади. Жарроҳлик амалиётини ўтказишга 400 доллар зарур эди, аммо бу пайтда Поляковда бунча миқдордаги пул мавжуд бўлмагани сабаб ГРУнинг АҚШдаги резиденти Шкаляровдан пул сўрашга мажбур бўлади. У эса Москва рухсат бермади, деган важ билан пул беришдан бош тортади. Натижада Поляковнинг ўғли вафот этади.