Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин таклиф қилган конституцияга киритиладиган тузатишлар лойиҳаси Думага киритилди
Россия президенти Владимир Путин мамлакат конституциясига киритиладиган тузатишлар лойиҳасини Давлат думасига тақдим этди. Давлат думаси сайтида эълон қилинган ҳужжатдан маълум бўлишича, парламент томонидан қабул қилинганидан сўнг у умумхалқ овоз беришига қўйилади.
Тузатишларга кўра, Россия президентига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимни эгаллашни тақиқлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, конституцияда пенсияларнинг мажбурий индексация қилиниши мустаҳкамлаб қўйилади, иш ҳақининг энг кам миқдори эса яшаш минимумидан паст бўлмаслиги белгиланади.
Шунингдек, лойиҳада юқори лавозимли амалдорларга бошқа давлат фуқаролигига эга бўлишни тақиқлаш, бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тасдиқлашни президентдан Давлат думасига ўтказиш ва федерация кенгашига судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этилган.
Бундан ташқари, Россия президенти ҳозирча мавжуд бўлмаган қонун орқали мақоми белгиланадиган давлат кенгашини тузишга масъул бўлади.
Хабар қилинишича, Давлат думаси қўмитаси лойиҳани 21 январда кўриб чиқади, парламент қуйи палатаси эса ҳужжатни 23 январда муҳокама қилади.
15 январь куни Владимир Путин парламентга мурожаатида конституцияга президент ва ҳукуматнинг бошқа институтлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Унга кўра, Россия қонунларини янги конституциясиз халқаро ҳуқуқдан устувор қилиш таклиф қилинганди.