Ўзбекистон | 12:06 / 21.01.2020
23287
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қатор ички ишлар ходимлари ишдан бўшатилди 

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 20 январь куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ички ишлар органлари томонидан 2019 йилнинг 12 ойи давомида амалга оширган ишлар ва йўл қўйган хато ва камчиликларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов йиғилганларни кун тартибидаги масалалар билан таништириб ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов сўз олди.

Таҳлиллар асосида масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, муҳокама натижаларига кўра хизмат вазифаларини бажаришда мунтазам камчиликларга йўл қўйиб келган бир қатор раҳбар, ходимларга, ҳудудий профилактика инспекторларига нисбатан тегишли интизомий чоралар қўлланилиб, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, баъзилари эса ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Йиғилиш сўнгида генерал-майор А. Икромов ҳар бир ходим хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий амал қилиши лозимлиги, қуйи тизимдан, яъни маҳаллада фаолият олиб бораётган профилактика инспектори билан кунлик фаолиятини олиб бориши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, унинг барвақт олдини олишни маҳалладан бошлаши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид